Маҳаллаларда хавфсиз муҳит: ижро ва натижадорлик ўрганилди
2026-06-15 09:40:00 / Янгиликлар

Маҳаллаларда хавфсиз муҳитни таъминлаш, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ҳамда аҳоли осойишталигини мустаҳкамлаш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири ҳисобланади.
Бу борада Президент қарорлари асосида жойларда манзилли ишлаш тизимини йўлга қўйиш, маҳаллалар кесимида мавжуд муаммоларни аниқлаш ва бартараф этишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бу борада Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2026 йил 5 январдаги "Республика маҳаллаларида хавфсиз муҳитни яратиш йўналишида яхлит манзилли ишлаш тизимини жорий этишга қаратилган қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори муҳим дастуриламал бўлмоқда.
Тошкент вилояти ҳокимлиги гуруҳ раҳбари Ф. Мирзаев ҳамда вилоят прокурорининг биринчи ўринбосари Э. Инамджанов бошчилигидаги ишчи гуруҳ томонидан Пискент туманининг бир қатор маҳаллаларида ишлар самарадорлиги ўрганилди.
Хусусан, ўрганишлар туман раҳбарларига бириктирилган “Лолаариқ”, “Файзобод” ва “Тараққиёт” маҳалла фуқаролар йиғинларида амалга оширилди.
Жараёнда маҳаллаларда хавфсиз муҳитни таъминлаш, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, аҳоли мурожаатлари билан ишлаш ҳамда “еттилик” фаолияти самарадорлиги таҳлил қилинди.
Ўрганиш натижалари юзасидан туман мутасадди раҳбарлари ва маҳалла “еттилиги” аъзолари иштирокида танқидий муҳокама ўтказилиб, аниқланган камчиликларни бартараф этиш, қарорлар ижросини сифатли таъминлаш бўйича аниқ вазифа ва топшириқлар белгилаб берилди.
Шунингдек, ишчи гуруҳ аъзолари “Лолаариқ” маҳалласи ҳудудида барпо этилаётган сайилгоҳда ташкил этилаётган “Хавфсиз кўча” лойиҳаси билан ҳам танишдилар. Унда ташвиш тугмалари, замонавий видеокузатув камералари, Wi-Fi ҳудудлари ҳамда жамоат хавфсизлигини таъминлашга хизмат қилувчи бошқа инфратузилма объектларини барпо этиш ишлари кўздан кечирилди.
Мутасаддилар томонидан мазкур лойиҳани янада такомиллаштириш, аҳоли учун қулай ва хавфсиз шароитларни кенгайтириш юзасидан тегишли тавсия ва таклифлар берилди.









