ЁШЛАР ОЙЛИГИ ДОИРАСИДА “ҚУВНОҚЛАР ВА ЗУККОЛАР” ТАНЛОВИ ТАШКИЛ ЭТИЛДИ
2026-06-12 09:45:00 / Янгиликлар

Ўзбекистон Касаба уюшмалари Федерацияси Тошкент вилояти Кенгаши ҳамда Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи Тошкент вилояти Кенгаши ташаббуси билан “Ёшлар ойлиги” ва 30-июн – Ёшлар куни муносабати билан вилоятдаги олий таълим муассасалари талабалари ўртасида “Қувноқлар ва зукколар” кўрик-танлови ташкил этилди. Танловда жамоалар Тошкент вилояти кубогини қўлга киритиш учун ўзаро беллашдилар.
Мазкур танловнинг асосий мақсади ёшларнинг ижтимоий-маънавий билимларини бойитиш, истеъдодли ва ташаббускор талабаларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш ҳамда жамият ҳаётидаги фаоллигини оширишдан иборат бўлди.
Тадбирни Ўзбекистон Касаба уюшмалари Федерацияси Тошкент вилояти Кенгаши раиси С.Файзиева кириш сўзи билан очиб, иштирокчи жамоаларга муваффақият тилади. Касаба уюшмалари томонидан ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга қаратилган лойиҳалар ҳақида тўхталиб, ушбу кўрик-танлов ҳам ана шундай муҳим ташаббуслардан бири эканини таъкидлади.
Танлов давомида жамоалар “Тошкент вилоятида нима гаплар?”, “Ҳакамлар билан савол-жавоб” ҳамда “Мусиқий чиқиш” шартлари бўйича ўз маҳоратини намойиш этдилар.
Жамоаларнинг чиқишлари маданият ва санъат соҳаси вакиллари, касаба уюшмалари мутахассислари ҳамда жамоатчилик фаолларидан иборат ҳакамлар ҳайъати томонидан баҳоланди.
Якуний натижаларга кўра, Чирчиқ давлат педагогика университетининг “Парвоз” жамоаси фахрли 1-ўринни эгаллаб, Тошкент вилояти кубоги соҳибига айланди. 2-ўринни Тошкент давлат аграр университетининг “Янги юлдузлар” жамоаси, 3-ўринни эса Тошкент иқтисодиёт ва педагогика университетининг “Амакиваччалар” жамоаси қўлга киритди.
Тадбир якунида ғолиблар ва махсус номинациялар бўйича совриндорлар дипломлар, пул мукофотлари ҳамда эсдалик совғалари билан тақдирланди.






