Нурафшонда Журналистлар уюшмаси вилояти бўлимининг ҳисобот йиғилиши бўлиб ўтди
2026-06-10 15:10:00 / Мажлислар

Бугун Нурафшон шаҳрида Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси Тошкент вилояти бўлимининг 2022–2025 йиллардаги фаолиятига бағишланган ҳисобот йиғилиши бўлиб ўтди.
Анжуманда уюшма аъзолари, вилоят, туман ва шаҳар газеталари таҳририятлари бош муҳаррирлари, фахрий журналистлар, ёш ижодкорлар ҳамда уюшма қошида фаолият юритаётган ижодий тўгараклар иштирокчилари, вилоят бошқарма ва ташкилотларининг ахборот хизматларида фаолият олиб бораётган журналистлар қатнашдилар.
Йиғилиш кун тартибига мувофиқ, уюшманинг вилоят бўлими бошқаруви раиси Р. Шералиев ҳисобот даврида амалга оширилган ишлар, соҳада эришилган натижалар ва келгусидаги устувор вазифалар хусусида ахборот берди. Шунингдек, тафтиш комиссияси раиси, «Машъал» газетаси бош муҳаррири ўринбосари Т. Ҳакимов ташкилот маблағларидан фойдаланиш ҳолати ва самарадорлиги юзасидан ҳисобот тақдим этди.
Йиғилишда уюшманинг бошқарув аъзолари ва тафтиш комиссиясининг янги таркиби шакллантирилди. Шунингдек, Ўзбекистон Журналистлар уюшмасининг республика конференциясида иштирок этадиган делегатлар сайланди.
Муҳокамалар жараёнида Ўзбекистон халқ шоири Маҳмуд Тоир, фахрий журналистлар Озод Хушназаров ва Ҳанифа Зокирова, «Тошкент ҳақиқати» ва «Ташкентская правда» газеталари бош муҳаррири Тўхтамурод Ҳасанбоев, «Машъал» газетаси бош муҳаррири Отабек Исроилов, публицист ва шоира Саодат Мусаева ҳамда бошқа иштирокчилар сўзга чиқиб, вилоят бўлимининг тўрт йиллик фаолияти юзасидан ўз фикр ва муносабатларини билдирдилар.
Соҳани янада ривожлантиришга қаратилган таклиф ва ташаббуслар илгари сурилди. Хусусан, ижодий тўгараклар фаолиятини янада жонлантириш, вилоят журналистлари антологиясини яратиш ишларини якунлаш, журналист ва публицистларнинг китобларини нашр этиш ҳамда уларнинг тақдимотларини ташкил этиш, устоз-шогирд анъаналарини мустаҳкамлаш, уюшма сафини иқтидорли ва ташаббускор ёш журналистлар ҳисобига кенгайтириш масалалари атрофлича муҳокама қилинди.
Таъкидланганидек, бугунги кунда журналистиканинг олдида турган муҳим вазифалардан бири — миллий матбуотнинг нуфузини ошириш, ижодкорларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ва соҳага замонавий билим ҳамда қарашларга эга бўлган ёш кадрларни кенг жалб этишдан иборат.
Ҳисобот йиғилишида кун тартибидаги барча масалалар юзасидан тегишли қарорлар қабул қилиниб, келгуси фаолиятнинг устувор йўналишлари белгилаб олинди.
Ҳисобот йиғилишида Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси раиси вазифасини бажарувчи Шуҳрат Орипов сўзга чиқди.






