Ғалла — 2026: Эл-юрт хирмони бунёдкорлари учун масъулиятли мавсум бошланди
2026-06-04 09:50:00 / Янгиликлар

Эл-юрт дастурхонининг тўкинлиги, мамлакатимиз озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашда муҳим аҳамият касб этувчи масъулиятли палла бошланди — жойларда ғалла ўримига киришилди.
Бугун эрта тонгдан вилоят фаоллари, нуронийлар, жамоат ва давлат ташкилотлари мутасаддилари, туман ва шаҳар ҳокимлари, фермер ва кластерлар раҳбарлари, қишлоқ хўжалиги соҳаси мутасаддилари мана шу муҳим мавсум муносабати билан эзгу таомилга мувофиқ, Зангиота зиёратгоҳида йиғилдилар.
Вилоят ҳокими Зойир Мирзаев бошчилигида муаззам маскан зиёрат қилиниб, ўтганлар руҳи покига Қуръон тиловат қилинди.
Табаррук қадамжода жонлиқ сўйилиб, эҳсон дастурхони ёзилди. Қўллар дуога очилиб, баракали хирмонни тўплашда бел боғлаган бободеҳқонларнинг ишига унум, эл дастурхонига тўкинлик, юртимизга тинчлик, тилаб, фотиҳа қилинди.
Дарҳақиқат, ғаллакорларимиз олдида етиштирилган ҳосилни қисқа муддатларда, сифатли ва талафотсиз йиғиб-териб олиш вазифаси турибди.
Жорий йилда вилоятимиз миришкорлари томонидан халқимиз ризқу насибаси бўлган бошоқли дон экинларидан мўл ҳосил етиштирилди.
Агротехник тадбирларни ўз вақтида ва сифатли амалга ошириш, замонавий технологиялар ҳамда илғор тажрибаларни қўллаш, уруғчиликка эътибор ўз самарасини берди.
Баҳорнинг серёғин келиши ва қулай табиий муҳит туфайли лалми майдонларга ҳам барака ёғилди.
Эндиликда асосий мақсад катта меҳнат ва сарф-харажат эвазига етиштирилган ҳосилни нест-нобуд қилмасдан, қисқа муддатларда ўриб-янчиб, қабул пунктлари ва хирмонларга жойлаштиришдан иборат. Бу жараёнда ҳар бир кун, ҳар бир соат ғоят қимматли ҳисобланади.
Зотан, бугун бутун дунёда озиқ-овқат хавфсизлиги масаласи ҳар қачонгидан долзарб бўлиб турган бир вақтда бу мавсумнинг масъулияти ва аҳамияти, айниқса, беқиёсдир.
Маросимда вилоят раҳбари, нуронийлар вакиллари сўз олиб, ғалла ўримида иштирок этадиган механизаторлар, таъминотчилар, фермерлар ва соҳа вакилларига мавсумни уюшқоқлик билан ўтказиш, техника ва ресурслардан самарали фойдаланиш, ҳосилни талафотсиз йиғиб олиш, ёнғин ҳавфсизлигига ва бошқа техник регламентларга қатъий риоя қилиш, мавсум меҳнаткашларининг ижтимоий химояси ва манфаатдорлигини ошириш бўйича зарур тавсиялар беришди.
Фидокорона саъй-ҳаракатлар билан бу йилги ўрим мавсуми ҳам юқори натижалар билан якунланишига ишонч билдирилди.









