Тошкент ва Туркистон вилоятлари тадбиркорлари иштирокида халқаро бизнес-форум иш бошлади
2026-05-29 14:55:00 / Мажлислар

Хабар қилганимиздек, Қозоғистон Республикасининг Туркистон вилояти ҳокими Нуралхон Қушеров бошчилигидаги нуфузли делегация вилоятимизда бўлиб турибди.
Бугун куннинг иккинчи ярмида Бўстонлиқ туманидаги “Wyndham Garden Chorvoq Darvoza” мажмуасида Ўзбекистон Республикаси Тошкент вилояти ва Қозоғистон Республикаси Туркистон вилояти тадбиркорлари иштирокида халқаро бизнес-форум ўз ишини бошлади.
Форум икки ҳудуд ўртасидаги савдо-иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқиш, тадбиркорлар ўртасида тўғридан тўғри алоқаларни ривожлантириш ҳамда қўшма лойиҳалар сонини кўпайтиришга хизмат қилади.
Анжуманда Тошкент вилояти ҳокими Зойир Мирзаев ва Туркистон вилояти ҳокими Нуралхон Қушеров иштирок этиб, икки ҳудуднинг ҳамкорлик истиқболлари юзасидан нутқ сўзладилар.
Форум доирасида ҳар икки ҳудуднинг инвестициявий салоҳияти, саноат зоналари, махсус иқтисодий ҳудудлари, туризм имкониятлари ҳамда янги бизнес ташаббуслари тақдимоти ўтказилмоқда.
Шунингдек, тадбир доирасида G2B ва B2B форматдаги учрашувлар ташкил этилиб, икки мамлакат ишбилармон доиралари вакиллари ўзаро манфаатли лойиҳаларни муҳокама қилмоқда.
Мазкур учрашувлар якунида икки томонлама манфаатли ҳамда истиқболли битимларни имзолаш режалаштирилган.









