Туркистон вилояти делегацияси Тошкент вилоятида тантанали кутиб олинди.
2026-05-29 09:40:00 / Мажлислар

Бугун Қозоғистон Республикасининг Туркистон вилояти ҳокими Нуралхон Қушеров бошчилигидаги нуфузли делегация Тошкент вилоятига ташриф буюрди. Делегация аъзолари “Навоий” чегара-божхона постида тантанали равишда кутиб олинди.
Меҳмонларни Тошкент вилояти ҳокимининг биринчи ўринбосари Отабек Турсунов, Тошкент тумани ҳокими Сардор Эргашев ҳамда тегишли мутасаддилар дўстона қарши олди.
Сўнгги йилларда Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасидаги дўстлик, яхши қўшничилик ва стратегик шериклик муносабатлари янги босқичга кўтарилиб, барча соҳалардаги ҳамкорлик изчил ривожланиб бормоқда.
Айниқса, икки давлат раҳбарларининг очиқ ва ишончли мулоқотга асосланган яқин қўшничилик сиёсати ҳудудлараро алоқаларни кенгайтириш, савдо-иқтисодий муносабатларни мустаҳкамлаш ҳамда қўшма инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш учун мустаҳкам замин яратмоқда.
Туркистон вилояти делегацияси таркибидан вилоятнинг нуфузли мулозимлари, жумладан, қатор туман ҳокимлари, соҳавий бошқармалар раҳбарлари, махсус иқтисодий зона ва туризм соҳаси масъуллари ўрин олган.
Шунингдек, ташрифда Қозоғистоннинг қишлоқ хўжалиги, озиқ-овқат саноати, тўқимачилик, мебелсозлик, машинасозлик, қурилиш материаллари, туризм ва хизмат кўрсатиш соҳаларида фаолият юритувчи кўплаб тадбиркорлар ҳам иштирок этмоқда.
Икки кунлик ташриф доирасида икки ҳудуднинг иқтисодий ва инвестициявий салоҳиятини янада яқинлаштириш, янги қўшма лойиҳаларни амалга ошириш ҳамда тадбиркорлик субъектлари ўртасида тўғридан тўғри алоқаларни кучайтиришга қаратилган йирик бизнес анжумани ўтказилади.
Шу билан бирга, меҳмонлар Тошкент вилоятининг қатор шаҳар ва туманларида бўлиб, саноат корхоналари, инфратузилма лойиҳалари ҳамда бошқа муҳим объектлар фаолияти билан танишадилар.


