Вилоятимиз хотин-қизларининг тадбиркорлик салоҳияти Хитойда ҳам намоён бўлмоқда
2026-05-21 10:35:00 / Янгиликлар

Хитой Халқ Республикасининг Шэнси провинциясида Ўзбекистон–Хитой ҳудудлараро учинчи форуми доирасида хотин-қизлар тадбиркорлигини ривожлантиришга қаратилган қатор муҳим тадбирлар ўтказилмоқда.
Мамлакатимиз делегациясига Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари — Оила ва хотин-қизлар қўмитаси раиси Зулайҳо Маҳкамова бошчилик қилмоқда.
Эътиборлиси, мазкур нуфузли халқаро тадбирларда Тошкент вилояти ҳокими ўринбосари, вилоят Оила ва хотин-қизлар бошқармаси бошлиғи Нилуфар Нормирзаева етакчилигидаги ишбилармон аёллар гуруҳи ҳам иштирок этмоқда.
Куни кеча делегация Сиан шаҳрида ташкил этилган форум дастури асосида бир қатор учрашув ва амалий мулоқотларда қатнашди.
Форумнинг асосий мақсади икки давлат ўртасидаги савдо-иқтисодий ҳамкорликни янада кенгайтириш, ҳудудлараро алоқаларни мустаҳкамлаш ҳамда хотин-қизлар тадбиркорлигини халқаро босқичга олиб чиқишдан иборат.
Умуман, делегация таркибида Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар оила ва хотин-қизлар бошқармалари раҳбарлари, шунингдек турли соҳаларда фаолият юритаётган 58 нафар тадбиркор аёл иштирок этмоқда. Улар орасида Тошкент вилояти вакилаларининг иштироки ҳам алоҳида аҳамият касб этмоқда.
Ташриф давомида делегация Шэнси провинциясидаги “Мингта қишлоқ — ўн мингта лойиҳа” намунавий қишлоғи фаолияти билан танишди. Ушбу лойиҳа қишлоқ ҳудудларини ривожлантириш, жамоавий тадбиркорлик ва аҳоли бандлигини таъминлаш борасидаги илғор тажрибаларни ўзида мужассам этган.
Шунингдек, делегация замонавий рақамли қишлоқ хўжалиги паркида бўлиб, “ақлли” қишлоқ хўжалиги технологиялари, дронлар ёрдамида бошқарув, автоматлаштирилган суғориш тизимлари ва инновацион ечимлар билан яқиндан танишди.
Бу каби тажрибаларни Тошкент вилоятида ҳам татбиқ этиш имкониятлари кўриб чиқилди.
Ташриф доирасида Шэнси аёллар ва болалар маркази ҳамда қатор йирик корхоналар фаолияти ўрганилди. Хитойда хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг иқтисодий фаоллигини ошириш ва тадбиркорлигини рағбатлантириш бўйича йўлга қўйилган тизимли механизмлар иштирокчиларда катта қизиқиш уйғотди.
Шу билан бирга, Шэнси провинцияси Халқаро савдони ривожлантириш қўмитаси, Ҳалол озиқ-овқат маҳсулотлари ассоциацияси ҳамда Аёл юристлар ассоциацияси билан ҳамкорлик меморандумлари имзоланиши режалаштирилган.
Ўзбекистон–Хитой ҳудудлараро учинчи форуми доирасидаги тадбирлар давом этмоқда. Ушбу мулоқот ва амалий ҳамкорликлар Тошкент вилоятида хотин-қизлар тадбиркорлигини ривожлантириш, уларнинг халқаро бозорларга чиқиш имкониятларини кенгайтиришда муҳим аҳамият касб этади.



