Коррупцияга қарши курашда гендер тенглигининг ўрни муҳокама марказида
2026-05-15 14:45:00 / Коррупсияга қарши кураш тарғиботлари

Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Тараққиёт Дастурининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси Коррупцияга қарши курашиш агентлиги билан ҳамкорликда, ҳамда Европа Иттифоқи молиявий кўмагида “Коррупцияга қарши фаолиятга гендер ёндашувини қўллаш” мавзусида амалий тренинг ташкил этди. Тренингда аёллар бошчилигидаги ННТлар, давлат органлари вакиллари ва ижтимоий фаоллар иштирок этди. Тадбир коррупциянинг аёллар ва эркакларга турлича таъсирини чуқурроқ англаш ҳамда коррупцияга қарши чораларни янада инклюзив, шаффоф ва самарали қилишга қаратилди.
Тренинг давомида гендерга оид коррупцион хатарларни аниқлаш ва олдини олиш бўйича амалий ёндашувлар, шунингдек гендерга сезгир ёндашувларни коррупцияга қарши сиёсат ва профессионал фаолиятда қўллаш масалалари муҳокама қилинди. Сессияларда коррупция нафақат пораҳўрлик ёки молиявий суиистеъмол, балки босим, қарамлик, таъсирдан фойдаланиш, мажбурлаш ва жинсий эксплуатация орқали ҳокимиятни суиистеъмол қилиш сифатида ҳам кўриб чиқилди. Муҳокамаларда БМТнинг Коррупцияга қарши конвенцияси (UNCAC), шунингдек Ўзбекистоннинг коррупцияга қарши қонунчилигига ҳам мурожаат қилинди.
Ресурслар, хизматлар, қарорлар қабул қилиш ва иқтисодий имкониятлардан тенг фойдаланмаслик туфайли коррупция аёллар ва эркакларга турлича таъсир кўрсатишига алоҳида эътибор қаратилди. Иштирокчилар соғлиқни сақлаш, таълим, ижтимоий ҳимоя, бизнес ва давлат харидлари соҳаларидаги коррупцион хатарларни, шунингдек норасмий тўловлар, мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш ва сиёсий таъсир оқибатларини муҳокама қилди. Шунингдек, sextortion, яъни хизмат ёки имкониятлар эвазига жинсий хизмат талаб қилиш билан боғлиқ яширин коррупция шаклига ва жабрланувчиларнинг бундай ҳолатлар ҳақида хабар бермаслигига сабаб бўладиган омилларга алоҳида урғу берилди.
Дастур доирасида коррупциянинг давом этишига сабаб бўлаётган кенгроқ омиллар, жумладан, шаффофлик ва ҳисобдорлик тизимларининг заифлиги, иқтисодий тенгсизлик ҳамда коррупцион амалиётларнинг жамиятда одатий ҳол сифатида қабул қилиниши ҳам муҳокама қилинди. Кейслар ва гуруҳ машқлари орқали иштирокчилар хавфсиз мурожаат механизмлари, кучлироқ ҳимоя чоралари, шаффоф тартиблар, рақамли воситалар ва давлат органлари ҳамда фуқаролик жамияти ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш каби амалий ечимларни кўриб чиқди. Алоҳида сессияда гендер тенглиги самарали бошқарув, жамоатчилик ишончи ва барқарор ривожланишнинг муҳим асоси экани таъкидланди.
“Азим Тафаккур” ННТ раҳбари Маҳфуза Носирова тренинг иштирокчиларга “коррупция ва гендер тенгсизлиги ўртасидаги боғлиқликка янгича қараш” берганини ва коррупцион хатарлар аёллар ҳамда заиф гуруҳларга кундалик ҳаётда қандай таъсир қилишини яхшироқ тушунишга ёрдам берганини таъкидлади. У айниқса амалий кейслар ва интерактив машқларнинг фойдасини алоҳида қайд этиб, олинган билимлар келгусида ҳуқуқий саводхонликни ошириш ва коррупцион хатарларга сезгирликни кучайтиришда фойдали бўлишини билдирди.
Тошкент вилояти ҳокимлиги Комплаенс хизмати бўлими бош мутахассиси Наргиза Лутфуллаева, тренинг давлат органлари ва фуқаролик жамияти вакиллари ўртасида “тажриба алмашиш ва янги профессионал алоқаларни ўрнатиш учун айниқса фойдали бўлганини” таъкидлади. У, шунингдек, амалий машқлар гендерга сезгир коррупцияга қарши ёндашувларни илгари суриш учун зарур кўникмаларни мустаҳкамлашга ёрдам берганини қайд этди.
Тадбир БМТ Тараққиёт Дастури ва Коррупцияга қарши курашиш агентлиги томонидан амалга оширилаётган, ҳамда Европа Иттифоқи томонидан молиялаштирилаётган “Ўзбекистонда миллий коррупцияга қарши экотизимни мустаҳкамлаш” лойиҳаси доирасида ташкил этилди. Мазкур лойиҳа институционал салоҳиятни мустаҳкамлаш, шаффофлик ва ҳисобдорликни ривожлантириш, жамоатчилик иштирокини кенгайтириш ҳамда коррупциянинг олдини олиш ва унга қарши курашишда инклюзив ва далилларга асосланган ёндашувларни илгари суриш орқали Ўзбекистондаги коррупцияга қарши ислоҳотларни қўллаб-қувватлашга қаратилган.




