Италия чорвадорлари уюшмаси билан лойиҳалар истиқболлари муҳокама қилинди
2026-05-15 22:30:00 / Янгиликлар

Италия Республикасида хизмат сафари билан бўлиб турган Тошкент вилояти ҳокими Зойир Мирзаев бошчилигидаги вилоят делегацияси бугун Италия чорвадорлари миллий уюшмаси — Associazione Italiana Allevatori (AIA) раҳбарияти ҳамда чорвачилик соҳасида фаолият юритувчи йирик компаниялар вакиллари билан муҳим учрашув ўтказди.
Учрашув давомида чорвачилик тармоғини замонавий ёндашувлар асосида ривожлантириш, юқори маҳсулдор наслчиликни йўлга қўйиш, генетик селекция, ветеринария хизматлари ва фермер хўжаликларини технологик қўллаб-қувватлаш масалалари муҳокама қилинди.
Италия чорвадорлари миллий уюшмаси (AIA) 1944 йилда ташкил этилган бўлиб, бугунги кунда мамлакатнинг чорвачилик соҳасидаги етакчи тармоқ ташкилотларидан бири ҳисобланади. Уюшма қорамолчилик, қўйчилик, эчкичилик ва бошқа йўналишларда наслчиликни такомиллаштириш, маҳсулдорликни ошириш, генетик тадқиқотлар ва фермерларни консалтинг асосида қўллаб-қувватлаш билан шуғулланади.
Музокараларда Тошкент вилоятида сутчилик ва гўштчилик йўналишида замонавий кластерларни ташкил этиш, юқори маҳсулдор наслли чорва молларини кўпайтириш, сунъий уруғлантириш ва генетика технологияларини жорий қилиш, чорвачилик маҳсулотларини қайта ишлаш ҳамда экспортбоп маҳсулот ишлаб чиқариш имкониятлари атрофлича кўриб чиқилди.
Шунингдек, фермер ва мутахассислар учун малака ошириш дастурларини ташкил этиш, озуқа базасини такомиллаштириш, ветеринария бошқарувини кучайтириш ва соҳада халқаро стандартларни жорий этиш бўйича ҳамкорлик масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Учрашувнинг асосий мақсади Тошкент вилоятида чорвачилик соҳасини инновацион ва илмий ёндашувлар асосида ривожлантириш, инвестициявий ҳамкорликни кенгайтиришдан иборат экани таъкидланди.
Томонлар келгусида қўшма инвестиция лойиҳаларини амалга оширишга тайёр эканликларини билдирдилар.




