“Ковулди” — саноат салоҳиятининг янги манзили
2026-05-15 18:10:00 / Янгиликлар

2026-йил 15-май – куни Олмалиқ шаҳрида Олмалиқ кон-металлургия комбинатининг йирик инвестициявий лойиҳаларидан бири — замонавий ва юқори технологик имкониятларга эга «Ковулди» олтин саралаш фабрикаси тантанали равишда фойдаланишга топширилди.
Тантанали очилиш маросимида ОКМК раҳбарияти, меҳнат фахрийлари, соҳа мутахассислари ҳамда жамоатчилик вакиллари иштирок этди.
Тадбирда сўзга чиққанлар мазкур фабриканинг ишга туширилиши маҳаллий хомашё ресурсларидан самарали фойдаланиш, олтин ишлаб чиқариш ҳажмини изчил ошириш ҳамда мамлакатимиз миллий олтин заҳираларини мустаҳкамлашда муҳим аҳамият касб этишини таъкидладилар.
Маълумотларга кўра, янги фабрика “Ковулди” ва “Қуйи-Кенжасой” конларида қазиб олинадиган маъданларни қайта ишлашга мўлжалланган бўлиб, унинг йиллик қуввати 200 минг тоннагача маъданни қайта ишлаш имкониятини беради.
Фабрика қурилиши ОКМКнинг “Олмалиқметаллурқурилиш” трести томонидан амалга оширилди. Шунингдек, Ихтисослаштирилган таъмирлаш ишлари бошқармаси, Ишлаб чиқаришни автоматлаштириш бошқармаси, Техник хавфсизлик тизими хизмати, Автомобиль транспорт бошқармаси, Моддий-техник таъминот бошқармаси ҳамда “Ковулди” кони жамоалари ҳам қурилиш жараёнларида фаол иштирок этди.
Лойиҳалаш ишларида комбинатнинг Лойиҳа ишлари бошқармаси, қурилиш жараёнларини ташкил этишда эса Капитал қурилиш бошқармасининг техник ишлаб чиқариш бўлими мутахассислари муносиб ҳисса қўшдилар.
Фабрика ҳудудида икки қаватли маъмурий-хўжалик биноси барпо этилди. Ишчи-ходимлар учун замонавий ошхона, ювиниш хоналари ва барча зарур маиший шароитлар яратилди. Шунингдек, қўриқлаш хизмати ходимлари учун алоҳида қоровулхона қурилди.
Ишлаб чиқариш жараёни учун флотомашиналар, гидроциклонлар, тегирмонлар, классификаторлар, контакт чанлари, қуюлтиргичлар ҳамда кўприкли кранлар каби замонавий технологик ускуналар ўрнатилди.
Эътиборли жиҳати шундаки, фабрикага ўрнатилган қатор технологик ускуналар комбинатнинг Марказий таъмирлаш-механика заводи томонидан маҳаллийлаштириш дастури асосида ишлаб чиқарилди.
Объект ҳудудида кенг кўламли ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ишлари ҳам амалга оширилди.
Мазкур фабриканинг ишга туширилиши натижасида қўшимча 151 та янги иш ўрни яратилди.
Бугунги кунда ОКМК тизимида Ангрен кон бошқармаси ҳамда Наманган вилоятидаги Чодак кон бошқармаларида ҳам олтин саралаш фабрикалари самарали фаолият юритмоқда.








