Карьера куни: ёшлар бандлиги йўлида муҳим қадам
2026-05-12 11:00:00 / Янгиликлар

Вилоят Мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси ташаббуси билан навбатдаги “Карьера куни” меҳнат ярмаркаси ташкил этилди.
Низомий номидаги Ўзбекистон миллий педагогика университетида ўтказилган тадбирда мазкур бошқарма бошлиғи Шукур Бурхонов ҳамда бошқарманинг бир қатор масъул ходимлари, шунингдек, барча туман ва шаҳар Мактабгача ва мактаб таълими бўлимлари раҳбарлари, умумтаълим мактаблари ҳамда мактабгача таълим ташкилотлари масъуллари таълим муассасаларидаги мавжуд бўш иш ўринлари билан қатнашди.
Бугунги кунда Низомий номидаги Ўзбекистон миллий педагогика университетида Тошкент вилоятидан бўлган 1152 нафар ёш турли педагогик йўналишларда таҳсил олмоқда. Уларнинг келгусида муносиб иш ўринларига эга бўлиши, эгаллаган билим ва кўникмаларини амалиётга татбиқ этиши ҳамда таълим тизимига малакали кадр сифатида кириб келиши вилоят Мактабгача ва мактаб таълими бошқармасининг муҳим вазифаларидан бири ҳисобланади.
Шу мақсадда ташкил этилган мазкур “Карьера куни” меҳнат ярмаркасида талабаларга вилоятдаги умумтаълим мактаблари ва давлат мактабгача таълим ташкилотларидаги бўш иш ўринлари, меҳнат шароитлари, педагогларга яратилаётган имкониятлар ҳамда ижтимоий қўллаб-қувватлаш чоралари ҳақида батафсил маълумотлар берилди.
Тадбир доирасида талабалар ва иш берувчилар ўртасида тўғридан-тўғри мулоқотлар ташкил қилиниб, ёш мутахассисларнинг қизиқиш ва мутахассислигига мос иш ўринлари таклиф этилди.
Қувонарлиси, ярмарка якунида 150 нафарга яқин талабалар билан меҳнат шартномалари имзоланди. Улар янги 2026–2027-ўқув йилидан вилоятимиз таълим муассасаларида ўз меҳнат фаолиятини бошлайди.






