Азизлар хотирасига эҳтиром — Нурафшон шаҳрида "Матонат мадҳияси" ёдгорлик мажмуасига гулчамбарлар қўйилди.
2026-05-08 18:05:00 / Янгиликлар

Юртимиздаги ҳар бир байрам ва шонли саналларнинг ўз ўрни ва аҳамияти бор. Лекин, улар орасида Хотира ва қадрлаш куни ўзининг теран маъно-моҳияти билан алоҳида ажралиб туради.
Бу байрам барчамизни бугунги тинч ва осойишта ҳаётимизни қадрлаб, Ватанимиз равнақи йўлида янада шижоат билан меҳнат қилишга, эл-юрти учун керак бўлса жонини тиккан азиз ва мўътабар инсонлар шижоатидан куч ва ибрат олишга даъват этадиган шукуҳли санадир.
Бу йил ҳам Президентимизнинг мазкур санани кенг нишонлаш мақсадида қабул қилган қарорларига мувофиқ, вилоятимизда ҳам “Бурч, жасорат, матонат!” шиори остида юксак инсонпарвар ғояларни ўзида мужассам этган кенг кўламли маънавий-маърифий тадбир ва маросимлар бўлиб ўтмоқда.
Хотира ва қадрлаш куни муносабати билан Зойир Мирзаев бошчилигидаги вилоят жамоатчилиги, ҳуқуқ-тартибот идоралари, давлат ва жамоат ташкилотлари, олий ўқув юртлари жамоалари, нуронийлар ва ёшлар Нурафшон шаҳридаги “Матонат мадҳияси” ёдгорлик мажмуасига алвон гулчамбарлар қўйиб, азизлар хотирасига авлодлар эҳтиромини ифода этдилар.
Дарҳақиқат, Иккинчи жаҳон уруши йилларида фашизмга қарши курашларда қурбон бўлган ота-боболаримиз, истиқлол даврида Ватанимиз мустақиллиги ҳимояси йўлида жон фидо этган мард ўғлонлар хотирасини ёд этиш, бугунги кунда орамизда соғ-саломат яшаб келаётган уруш ва меҳнат фахрийларига, жонкуяр ватандошларимизга ҳурмат-эҳтиром кўрсатиш энг олий инсоний қадриятлардан биридир.









