Вилоят ҳокими Пискентда ҳаётга тадбиқ этилаётга лойиҳалар, бунёдкорлик ишларининг бориши билан яқиндан танишди
2026-04-29 11:15:00 / Янгиликлар

Зойир Мирзаев Пискент туманида амалга оширилаётган йирик бунёдкорлик, инфратузилма ва ижтимоий ривожланиш лойиҳалари билан жойида танишди.
Хусусан, “Бирлик” маҳалласидан ўтувчи А-373 халқаро автомобил йўлига уланадиган йўлларни реконструкция қилиш, савдо ва хизмат кўрсатиш объектлари учун муҳандислик инфратузилмасини яратиш, марказлашган канализация тизимини барпо этиш ҳамда суғориш тизимларини яхшилаш ишлари кўриб чиқилди. Ушбу лойиҳалар ҳудуд инфратузилмасини тубдан янгилашга хизмат қилиши таъкидланди.
Маълумки, собиқ пахта тозалаш заводи ҳудудида замонавий туман марказини барпо этиш режалаштирилган бўлиб, бу ерда кўп қаватли уй-жойлар, савдо ва хизмат кўрсатиш марказлари ҳамда дам олиш масканлари қурилиши кўзда тутилган. Ушбу лойиҳа Пискентнинг янги қиёфасини шакллантиришда муҳим ўрин тутади.
“Ойбек”, “Муротали” ҳамда “Тараққиёт” маҳаллаларида йўл инфратузилмасини яхшилаш, суғориш тизимини ривожлантириш орқали минглаб хонадонларни сув билан таъминлаш масалалари муҳокама қилинди ҳамда ичимлик суви таъминотини яхшилаш ва ариқларни бетонлаштириш ишлари юзасидан топшириқлар берилди.
Навоий номли маҳаллада вилоят ҳокими аҳоли билан очиқ мулоқот ўтказиб, фуқароларнинг таклиф ва мурожаатларини тинглади. Шундан сўнг “Нуронийлар” масканида ўтказилган учрашувда туманда амалга оширилаётган лойиҳалар батафсил тақдим этилди.
Ўрганишлар давомида инвестисия лойиҳаларига ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Хусусан, хитойлик инвесторлар томонидан ташкил этилган замонавий пиллахонада ипак қурти уруғини етиштириш ва аҳоли бандлигини таъминлаш жараёнлари билан танишилди. Вилоят ҳокими ушбу йўналишда самарадорликни ошириш бўйича тегишли кўрсатмалар берди.
Шунингдек, “Файзобод” ва “Дўстлик” маҳаллаларида ҳудудни ободонлаштириш, маҳалла марказларини замонавий кўринишга келтириш, ички йўлларни таъмирлаш ва аҳоли турмуш шароитини яхшилашга қаратилган лойиҳалар кўриб чиқилди. Айниқса, томорқалардан самарали фойдаланиш масаласига алоҳида урғу берилди.
Маҳаллаларда оқсоқоллар, фаоллар билан самимий суҳбатлар қилинди.
Қишлоқ хўжалиги соҳасида эса “Красний Маяк” агро лойиҳаси мисолида замонавий технологиялар асосида маҳсулот етиштириш, экспорт салоҳиятини кенгайтириш ва озиқ-овқат хавфсизлигини мустаҳкамлаш бўйича вазифалар белгилаб берилди.
Умуман олганда, Пискент туманида амалга оширилаётган кенг кўламли бунёдкорлик, инфратузилма ва инвестисия лойиҳалари ҳудуд иқтисодиётини ривожлантириш, янги иш ўринлари яратиш ҳамда аҳоли фаровонлигини оширишга хизмат қилмоқда.









