Оҳангарон туманида замонавий узум плантациясига ташкил этиладиган пресс-тур ҳақида ПРЕСС-РЕЛИЗ
2026-04-27 12:05:00 / Пресс-релизлар
Оҳангарон туманида агросаноат соҳасидаги илғор тажрибаларни кенг жамоатчиликка етказиш мақсадида оммавий ахборот воситалари вакиллари учун пресс-тур ташкил этилди.
Тадбир Агросаноатни ривожлантириш агентлиги ташаббуси билан туманнинг “Шодмалик” маҳалласида жойлашган “Дриптеc” МЧЖга қарашли замонавий саноатлашган узум плантациясида бўлиб ўтди.
Пресс-тур давомида журналистлар мамлакатимизда илк бор жорий этилган “УФО” технологияси асосида ташкил этилган узумзор фаолияти билан яқиндан танишдилар. Мазкур инновацион ёндашув АҚШнинг Калифорния штатида қўлланилаётган илғор тажрибалар асосида ишлаб чиқилган бўлиб, узум етиштиришда юқори ҳосилдорликка эришиш, сув ва бошқа ресурслардан самарали фойдаланиш, шунингдек, маҳсулот сифатини оширишга хизмат қилмоқда.
Плантацияда экспортбоп “Аватар” узум нави етиштирилмоқда. Ушбу нав ўзининг юқори сифати, ташқи бозорлардаги талабга мослиги билан ажралиб туради. Натижада етиштирилаётган маҳсулотлар хорижий мамлакатларга экспорт қилиниб, ҳудуднинг экспорт салоҳиятини оширишга муносиб ҳисса қўшмоқда.
Бугунги кунда “Дриптеc” МЧЖ тасарруфида жами 322,5 гектар ер майдони мавжуд бўлиб, шундан 26 гектар қисмида замонавий узумзор барпо этилган.
Тадбир давомида иштирокчиларга агросаноат соҳасида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, илғор агротехнологияларни жорий этиш, юқори қўшимча қийматга эга маҳсулотлар ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш ҳамда экспорт географиясини кенгайтириш борасида олиб борилаётган ишлар ҳақида батафсил маълумот берилди.
Мазкур лойиҳа мамлакатимиз қишлоқ хўжалигини модернизация қилиш, инновацион ёндашувларни кенг жорий этиш ва халқаро бозорларда рақобатбардош маҳсулотлар улушини ошириш йўлидаги муҳим қадамлардан бири сифатида эътироф этилмоқда
