“Раҳбар ва ёшлар” учрашуви – битирувчи талабалар учун реал натижалар майдонига айланмоқда
2026-04-16 13:50:00 / Очиқ мулоқот

Тошкент давлат иқтисодиёт университетида Тошкент вилояти ҳокими Зойир Мирзаев бошчилигида битирувчи талабалар бандлигини таъминлашга бағишланган “Раҳбар ва ёшлар” учрашуви бўлиб ўтди.
Унда барча туман ва шаҳар ҳокими ўринбосарлари, вилоят бошқарма ва ташкилотлар раҳбарлари, банк-молия муассасалари масъуллари ҳамда университет раҳбарияти иштирок этди.
Очиқ ва самимий мулоқот руҳида кечган учрашувда вилоят ҳокими битирувчи ёшларни самимий табриклаб, уларнинг келгуси фаолиятида улкан муваффақиятлар тилади.
Мулоқот давомида сўнгги йилларда ёшларни қўллаб-қувватлаш борасида амалга оширилаётган ислоҳотлар, яратилган имкониятлар ва янги ташаббуслар ҳақида атрофлича маълумот берилди.
Айни вақтда мазкур университетда Тошкент вилоятидан 1 412 нафар битирувчи таҳсил олмоқда. Шундан 827 нафари давлат ва хусусий секторда расмий иш билан банд бўлса, 227 нафари ўзини ўзи банд қилган, 50 нафари бола парваришида.
Учрашув давомида талабалар бандлик, тадбиркорликни ривожлантириш, имтиёзли кредитлар, янги иш ўринлари яратиш каби масалалар юзасидан ўзларини қизиқтирган саволлар билан мурожаат қилдилар.
Масъуллар томонидан ҳар бир мурожаатга аниқ ва амалий жавоблар берилди. Айрим битирувчилар эса шу жойнинг ўзида тегишли раҳбарларга бириктирилиб, уларни ишга жойлаштириш бўйича топшириқлар берилди.
Шунингдек, тадбир доирасида бўш иш ўринлари ярмаркаси ташкил этилди. Битирувчи ёшлар ўзларини қизиқтирган иш ўринлари бўйича бевосита иш берувчилар билан суҳбатлашиш имкониятига эга бўлди.
Учрашув якунида ўз соҳа мутахассислиги бўйича вилоят ташкилот раҳбарлари, туман ва шаҳар ҳокимлиги масъуллари томонидан ишга қабул қилиш юзасидан 70 нафар битирувчи талабага кафолатланган сертификатлар топширилди.
Мулоқот якунида Тошкент вилояти ҳокимлиги ҳамда Тошкент давлат иқтисодиёт университети ўртасида ўзаро ҳамкорликни мустаҳкамлашга қаратилган Меморандум имзоланди.









