Тошкент вилояти: ОБОДЛИК ВА ТАРАҚҚИЁТ ЛОКАЦИЯСИ
2026-04-01 10:25:00 / Янгиликлар

Бугун Тошкент вилоятига келган киши Янги Ўзбекистондаги ислоҳотларнинг асл мазмун-моҳияти ва самараларини тўла ҳис этиши, шубҳасиз.
Тошкент воҳаси азалдан Буюк Ипак йўлидаги қадим тамаддунлар чорраҳаси бўлиб келгани тарихдан яхши маълум. Яратганнинг назари тушган бу заминда соҳибқирон бобомиз Амир Темур, улуғ аждодимиз Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг қутлуғ излари қолган.
Асрлар оша Шайх Умар Боғистоний, Хожа Аҳрор Валий, Абу Бакр Шоший, Абу Сулаймон Банокатий каби азиз авлиё ва алломаларга бешик бўлган бу макон. Айниқса, улуғ аллома Зангиотанинг номи билан аталган Ойхўжа ибн Тошхўжадек муборак зотнинг Тошкент вилоятидаги зиёратгоҳи мусулмон оламида машҳур.
Аслида, яратувчанлик, бунёдкорлик вилоят аҳлининг қонида бор, десак янглишмаймиз. Зотан, давлатимиз раҳбарининг “Мендан Тошкент вилоятининг энг катта бойлиги нимада, деб сўрасангиз, ҳеч иккиланмай, юксак маданиятли, оқу қорани таниган, омилкор ва меҳнаткаш, ишнинг кўзини биладиган аҳил ва ҳамжиҳат кўп миллатли халқи, деб айтган бўлардим”, деган гаплари ҳам бу фикрни тўла тасдиқлайди.
Кечагидек ёдимизда — давлатимиз раҳбари Янги Ўзбекистонни барпо этиш ғоясини илгари сурган илк даврлардаёқ вилоят фаоллари билан бамаслаҳат ҳолда Тошкент вилоятининг маъмурий марказини белгилаб, янги Нурафшон шаҳрига асос солган эдилар.
Бу тарихий қадам маҳаллий бошқарувни самарали ташкил этиб, ҳудуднинг меҳнаткаш ва бағрикенг аҳолиси бошини бир мақсад йўлида бирлаштирганига бугун барчамиз гувоҳ бўлиб турибмиз.
Қисқа фурсатда вилоят маркази замонавий бинолар, маъмурий, ижтимоий иншоотлар, уй-жойлар ва хизмат кўрсатиш объектлари қурилиши ҳисобига бутунлай янгидан чирой очди ҳамда бу жараён ҳануз давом этмоқда.
Қурилаётган ҳар бир объектнинг бетакрор меъморий ечимга эга бўлишига алоҳида эътибор қаратиляпти. Бунга мисол қилиб вилоят театри, марказий кутубхона ва муҳташам сузиш ҳавзаси лойиҳаларини келтириш мумкин.
Яқин-яқингача вилоятда ягона олий таълим даргоҳи — Тошкент давлат аграр университети мавжуд эди. Бугунги кунга келиб, бундай муассасалар сони 15 тага етди. Уларда салкам 75 минг талаба таҳсил олмоқда.
Бу ҳақда гап борганда, биргина Нурафшондаги “Cyber” университетини мисол келтириш мумкин. У глобаллашув даврининг энг муҳим соҳалари — ахборотни ҳимоялаш, киберхавфсизлик, рақамли технологиялар ва рақамли иқтисодиёт, сунъий интеллектга асосланган автоматлаштирилган ахборот-таҳлилий тизимларини яратиш, робототехника ҳамда бошқа турдош соҳалар бўйича малакали
кадрлар тайёрлашга ихтисослашган. Замонавий таълим кампуси, киберхавфсизлик лабораториялари, етакчи хорижий ва маҳаллий компанияларда амалиёт ўташ имкониятлари талабаларга беқиёс қулайликлар туғдирмоқда.
Фаровонликнинг муҳим кафолатлари
Маълумки, вилоятимиз юртимиздаги энг йирик истеъмол ва хизматлар бозорини, яъни пойтахтимизни ҳар томондан ўраб туради. Мамлакатимиз ялпи ички маҳсулотининг қарийб 10 фоизи айнан Тошкент вилояти ҳиссасига тўғри келади.
Бугун ялпи ҳудудий маҳсулот ҳажмининг 180 триллион 177 миллиард сўмга етгани вилоят иқтисодиёти мустаҳкам пойдеворга қурилаётганидан далолат беради.
Кейинги йилларда 10 миллиард доллардан ортиқ ҳудудий, 8 миллиард долларга тенг тармоқ инвестициялари киритилиб, 10 мингга яқин саноат, савдо ва сервис корхоналари ишга туширилди. Охирги 3 йилда йиллик айланмаси 10 миллиард сўмдан кўп бўлган корхоналар сони қарийб икки каррага кўпайиб, 1,7 мингтадан ортди. Айланмаси 100 миллиард сўмдан юқори бўлган корхоналаримиз эса 200 тага кўпайди.
Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан тузилган “Ислоҳотлар штаби” реал натижадорликни янада оширишда яқин кўмакчи бўлмоқда.
Бугун Тошкент вилояти хорижлик ва маҳаллий ишбилармонлар тарафидан бизнес учун энг қулай имкониятлар ҳудуди сифатида эътироф этилмоқда. Хусусан, бу ерда тадбиркорликни йўлга қўйиш учун мавжуд 2 минг 821 гектар бўш ер майдонлари, 71 та саноат зонаси, 50 дан ортиқ давлат активлари, етарли меҳнат ресурслари, шунингдек, қулай йўл-транспорт, логистика, коммуникация инфратузилмалари мавжуд.
Қолаверса, замонавий, муҳташам аэропортнинг тамал тоши қўйилди. Яқин келажакда вилоятнинг барча ҳудудлари пойтахт билан тезкор электр поездлар орқали боғланади. Бу жараёнда, ўз-ўзидан, кўплаб олис-яқин манзилларда янги уй-жойлар, инфратузилма ва хизматларга талаб ошиши табиий.
Шунга мувофиқ, ўтган йили қурилиш ишларининг умумий ҳажми 10 фоизга ўсиб, 33 триллион 987 миллиард сўмга етди. Бу воҳамиз улкан бунёдкорлик майдонига айланиб бораётганидан далолатдир.
Давлатимиз раҳбари илгари сурган ғояга асосан “Менинг биринчи уйим” лойиҳаси ҳам айнан вилоятимиздан бошланиб, кенг оммалашди.
Умуман, 2025 йили бу ерда жами 1 миллион 997 минг квадрат метрдан ортиқ тураржойлар фойдаланишга топширилди. Эътиборлиси, қурилган уй-жойларнинг катта қисми — 1 миллион 498 минг квадрат метрдан зиёди қишлоқ ҳудудларида барпо этилди.
Хабарингиз бор, юртимизда камбағалликка қарши курашишда муаммони яшириш эмас, уни очиқ тан олиш ва манзилли ечим топиш йўли танланди.
Масалан, вилоятимизда 38 мингдан ортиқ оила реестр асосида тоифаларга ажратилган ҳолда қўллаб-қувватланмоқда, 7,5 мингдан зиёд камбағал оила билан эса раҳбар ходимларни бириктирган ҳолда индивидуал ишлаяпмиз. Натижада ушбу
хонадонларга 148 мингдан ортиқ хизмат ва амалий ёрдам кўрсатилиб, уларнинг барқарор даромад манбаига замин яратилди.
Оилавий тадбиркорлик ва кичик бизнесни қўллаб-қувватлаш дастурлари доирасида ўтган бир йилда 982 миллиард сўм кредит ресурси йўналтирилиб, 31,8 минг нафардан ортиқ аҳолининг бандлиги таъминланди. Қишлоқ жойларда “бир ҳудуд — бир маҳсулот” тамойили томорқадан самарали фойдаланиш имкониятини оширмоқда.
Бу ишлар, ўз ўзидан, меҳнат бозорида ҳам ижобий динамикани намоён қилмоқда: қисқа даврда 323,1 минг нафар кишининг бандлиги таъминланиб, ишсизлик 5,7 фоиздан 4,8 фоизга тушди.
Реаллик шуни кўрсатяптики, тайёр ёрдамдан кўра одамларни касбга йўналтириш, иш ўрни ва барқарор даромад манбаи яратиш орқали фаровонликка олиб чиқиш — энг тўғри йўл экан.
Насибаси бутун эл
Сўнгги йилларда глобал иқлим ўзгаришлари, табиий офатлар, ер ва сув ресурслари тақчиллиги, халқаро миқёсдаги иқтисодий тебранишлар қишлоқ хўжалигимизда ҳам жиддий синов ва машаққатларни юзага келтирмоқда.
Қишлоқ хўжалигига берилаётган имтиёз ва эътиборлар, илғор технологиялар ва илмий ёндашувлар, ер билан “тиллашиб” келаётган заҳматкаш деҳқонларимизнинг азму шижоати туфайли юртимиз қишлоқ хўжалигида мисли кўрилмаган натижаларга эришиляпти.
Вилоятда қадимдан шаклланган боғдорчилик ва зироатчилик мактаби бор. Бу ҳақда гапирганда, шу заминдан етишиб чиққан халқ селекционерлари — “Ризамат” туркумидаги узум навлари муаллифи Ризамат Мусамуҳаммедов, лимоннинг ўндан ортиқ турларини илк бор маҳаллийлаштирган Зайниддин Фахриддинов, помидорнинг “Юсупов” навини яратган Карим Юсупов, боғдорчилик илмининг академиги Маҳмуд Мирзаев номларини ҳурмат билан тилга оламиз.
Қувонарлиси, илгари аграр соҳанинг кўплаб тармоқларида намуна бўлиб келган Тошкент мактаби анъаналари бугун қайта довруқ таратмоқда. Ўтган йил эришилган натижалар шундай дейишга тўла асос бўлади.
Хусусан, эл-юрт хирмонига 206 минг тонна пахта, 828 минг тонна дон етказиб берилди. Тарихда биринчи бор 71 нафар фермер пахта ҳосилдорлигини 60 центнердан, 130 нафарга яқин фермер эса, ғалла ҳосилдорлигини 100 центнердан оширишга муваффақ бўлди.
Икки минг тоннадан зиёд “кумуш тола” етиштирилиб, 17 миллион долларлик қисми экспорт қилинди. Сабзавотчилик, боғдорчилик ва полизчиликда ҳам барқарор ўсиш кузатилди. Чорвачиликда 841 минг тонна сут, 260 минг тонна гўшт, 1,1 миллиард дона тухум тайёрланди.
Бўстонлиқ, Қибрай, Тошкент, Қуйи Чирчиқ, Паркент, Оҳангарон туманларида 65 гектар майдонда голубика, 125 гектарда малина, 650 гектар ерда қулупнай етиштириш йўлга қўйилди. Ушбу экинлардан даромад гектарига ўртача 30 мингдан 90 минг долларгача етди.
Жумладан, Бўстонлиқ туманининг “Чимён” маҳалласида 3 минг гектар майдонда малина, голубика, қулупнай, ўрмон ёнғоғи каби меваларни етиштириш бўйича мега лойиҳа амалга оширилмоқда. Унинг умумий қиймати 60 миллион доллардан ортиқ. Қир-адирларга Чорвоқ денгизидан, 12 километр масофадан сув тортилиб, мевани қайта ишлаш корхоналари ҳамда катта сиғимли омборхоналар ташкил этилмоқда.
Биргина 2025 йилнинг ўзида 2 минг 150 гектар интенсив боғ ва токзорлар барпо этилди. Оҳангаронда 150 гектар, Бекободда 126 гектар, Чинозда 36 гектар “Аватар” навли интенсив узум плантациялари вужудга келди.
Дала четларида қўшимча 412 миллиард сўмлик 55 минг тонна маҳсулот етиштирилди. Ариқ-зовурларда 148 нафар тадбиркор томонидан 500 минг бош ўрдак боқиш йўлга қўйилди. 210 минг тонна мева-сабзавот хорижга сотилди.
Нафақат вилоятимиз, балки пойтахтимиз аҳлини ҳам сифатли қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари билан барқарор таъминлаш масъулиятини бир зум ҳам унутишга ҳақимиз йўқ. Буни чуқур ҳис қилган ҳолда, 2026 йилда ҳосил ҳажмини кескин кўпайтириш, янги инновацион лойиҳа ва дастурларни белгилаб олдик.
Насиб этса, бу йил аграр соҳада ялпи маҳсулот ҳажмини 7,2 миллион тоннага (ёки 28 триллион сўмга) етказамиз. Пировардида, ҳар гектарда камида 6 минг доллардан даромад олиш баробарида, тармоқда 210 мингта доимий ва мавсумий иш жойи яратишни мақсад қилганмиз.
Сайёҳлар учун ташриф қоғози
Бу ерда кўкламда — баҳорнинг тароватини, жазирамада — ёзнинг ҳароратини, хазонрезгида — кузнинг малоҳатию қишда — қишнинг ҳаловатини туйиш мумкин. Шундай манзилларимиз ҳам борки, уларда бир фаслда тўрт фаслнинг жамоли жилва қилади. Айниқса, Бўстонлиқ, Паркент, Оҳангарон, Ангрендаги тоғу адирлар, самовий сув омборлари, турнакўз булоқлар, дала ва боғлар таровати, қадимий манзилгоҳлардаги осори-атиқалар, ҳудудий брендга айланиб бораётган таомлар, замонавий хизмат ва адреналинли саргузаштлар ҳеч кимни бефарқ қолдирмайди.
Воҳамиздаги деярли барча туризм манзилларининг ўз зийнати ва фазилати, бошқача айтганда, сайёҳлар учун “ташриф қоғозлари” бор. Сўнгги бир йил ичида вилоятга 1 миллион 532 минг нафар хорижий ва 19 миллион 350 минг нафар маҳаллий сайёҳ ташриф буюрди. Туризм хизматлари экспорти 438 миллион долларга етди.
Вилоят бўйича 30 дан зиёд турмаршрут ишлаб чиқилган. 20 дан ортиқ маданий-кўнгилочар тадбирлар мунтазам ташкил этилади. “Илоқ”, “Узумчилик ва вино”, “Сўқоқ таомлари”, “Паҳлавон Фарҳод”, “Импульс”, “Чимён садоси” каби фестиваль ва мусобақаларни хорижда ҳам яхши биладилар.
Москвадан Майамигача, Деҳлидан Сеулгача ўтказилган тақдимотлар орқали вилоят туризм салоҳияти халқаро сарҳадларга етиб борди. Хориж матбуоти, блогерлар ва йирик туризм компаниялари вакиллари учун ташкил этилган инфо-турлар натижасида тарғибот материалларимиз 450 миллионлик аудиторияни қамраб олди.
Эндиликда пойтахтдан тоғли ҳудудларга етиб бориш янада қулайлашди: “Тошкент–Чиноркент–Тошкент” тезюрар поезди қатнови йўлга қўйилди, Чорвоқ ва бошқа масканларга туристик автобус йўналишлари очилди. Паркентга поезд келяпти.
Амирсой, Чиноркент, Чорвоқ дарвозаси каби улкан мажмуалар, замонавий меҳмонхоналар, дам олиш ва умумий овқатланиш масканлари ишга туширилди. Франциянинг “MND” компанияси билан ҳамкорликда “Чимён” халқаро умуммавсумий курорти барпо этилмоқда. Лойиҳа учун 1 минг 278 гектар майдон ажратилган бўлиб, қатор меҳмонхоналар ва денгиз сатҳидан 3 минг 300 метр баландликкача “осма дор йўли”ни қамраб олган. Эндиликда қишда чанғи ва сноуборд, бошқа ойларда эса, тоғ сайёҳлиги ва кўнгилочар ҳордиқ чиқариш имкониятлари пайдо бўлди.
Лойиҳа доирасида автомобиль йўлида туннель ҳам очилди. Ушбу иншоот таркибига узунлиги 1 минг 450 метр бўлган асосий йўл қисми, 2 та кўприк ва пиёдалар йўлаклари киради. Бу ерда иш бошлаган 6 қаватли замонавий меҳмонхона 320 нафар сайёҳни қабул қилиш имкониятига эга.
Ҳудуддаги яна бир йирик лойиҳа доирасида 7 ва 5 қаватли апарт-отеллар, 7 қаватли меҳмонхона ҳамда 2 қаватли ресторан ҳам барпо этилди. Угам дарёси бўйида эса 17 та кўп қаватли уй қад ростлади. Шунингдек, 16 та коттеж, 3 та ресторан, ўттиздан ортиқ савдо ва хизмат кўрсатиш шохобчалари иш бошлади. Болалар ўйингоҳлари, ёпиқ сув ҳавзаси, фитнес ва спорт майдончалари, амфитеатр, автотураргоҳ, автомобиль кўприги, тоғ ва соҳилбўйи йўлаклари сайёҳларга беқиёс қулайликлар яратмоқда.
Умуман, Чорвоқ эркин туристик-рекреацион зонаси, “Белдирсой–Чимён–Нанай” халқаро умуммавсумий курорти ташкил этилишининг ўзи билан бу ерда туристлар оқими ҳамда хизматлар экспорти 5 баробар ошгани сайёҳлик лойиҳалари нақадар истиқболли бўлганидан далолатдир.
Бундан ташқари, Паркент туманида Олтинбел мажмуаси, Оҳангарон туманида Овжазсой, Эртошсой, Жиблонсой, Оҳангарон сув омбори бўйлари ҳамда Ангрен шаҳри, Янгиобод, Лашкарак ва Дукентсой ҳудудларида ҳам йирик туризм зоналари ташкил этилмоқда.
Дарвоқе, дарёлар бор жойда чироқ ўчмайди. Угам дарёсида янги барпо этилган гидроэлектр станцияси ҳудуддаги Чорбоғ, Ҳумсон ва Угам маҳаллаларидаги 5 мингта хонадон ҳамда туризм ва дам олиш масканларини узлуксиз электр энергияси билан таъминлаш имконини берди.
Бу борада Чотқол, Кўксув, Писком, Угам дарёлари имкониятларидан фойдаланиш бағоят муҳим аҳамият касб этади. Ҳозир вилоятимизда умумий қуввати 1 минг 330 мегаватт бўлган 25 та гидроэлектр станцияси ишлаб турибди. Бугунги кунда қиймати 880 миллион доллар ва қуввати 340 мегаватт бўлган яна 4 та ГЭС қурилмоқда. Умуман, 2028 йилгача вилоятда умумий қуввати қарийб 2 минг 400 мегаватт бўлган 4 миллиард 800 миллион долларлик 23 та лойиҳа амалга оширилади.
Бир пайтлар “Тошкентнинг тариғини еган чумчуқ Маккадан қайтиб келади”, деган гап бўларди. Энди бу иборани бемалол шундай таҳрирда қайта қўлласа бўлади:
“Тошкент вилоятига келган хорижлик меҳмон фақат саёҳат қилмайди — у битмас илҳом, туганмас куч тўплайди ва яна келиш истаги билан қайтади...”.
Иқтисодий дипломатиянинг янги модели
Президентимиз раислигида Ташқи ишлар вазирлиги ҳамда хориждаги дипломатик ваколатхоналар фаолияти масалалари бўйича ўтказилган йиғилишда бутунлай янгича ёндашув белгилаб берилди. Шу тариқа ҳудудлар билан дипломатик ваколатхоналар ўртасида янгича ишлаш модели — “Элчи + ҳоким” тамойили шаклланди. Бу тизимда ҳоким ҳудуднинг аниқ эҳтиёжлари, устувор лойиҳалари ва мақсадли йўналишларини белгилаб беради, элчи эса хорижда бозор, сармоя ва ишончли ҳамкор топишда кўмаклашади.
Юртимиздаги очиқлик сиёсати ва ишончли ҳамкорлик муҳити натижасида вилоятимиз дунёнинг 106 та давлати билан савдо алоқаларини йўлга қўйган.
Айни пайтда воҳада хорижий инвестициялар иштирокида 2 минг 402 та корхона фаолият юритяпти. Шундан 495 таси қўшма, 1 минг 907 таси тўлиқ хорижий капитал асосида ташкил этилган.
Дарвоқе, йил бошида Бўстонлиқ туманида мамлакатимизнинг хорижий давлатлардаги элчилари иштирокида махсус иқтисодий форум ташкил этдик. Унда асосий урғуни ҳудудларимизнинг инвестициявий жозибадорлигини кенг тарғиб этиш, элчилар воситачилигида хорижий давлатлар билан ҳамкорлик алоқаларини янада ривожлантиришга қаратдик. Вилоятимиздаги мавжуд имкониятлар, лойиҳалар муфассал баён этилган махсус китоб тайёрлаган эдик, элчиларимизнинг ҳар бирига шу китобдан улашдик.
Дипломатлар билан фаол мулоқотга киришган бизнес эгалари, туман ва шаҳарлардаги ҳокимларимиз экспорт, инвестиция, молиявий дастур ва грантларга тааллуқли кўплаб масалаларга ечим топди.
Мақсадимиз — жаҳон инвестиция харитасида Тошкент вилоятининг ўрнини беқиёс даражада кенгайтиришдир. Шу мақсадда охирги бир йил ичида 10 га яқин хорижий давлатда бўлиб, ташқи иқтисодий ҳамкорлик бўйича муҳим амалий қадамлар ташладик. Айниқса, АҚШ, Россия, Саудия Арабистони каби мамлакатларга қилган сафарларимиз самарали келишувларга бой бўлди.
Филадельфия, Жидда, Варшава шаҳарларида иш бошлаган Тошкент вилояти маҳсулотлари омборхоналари ва тақсимлаш-савдо мажмуалари вилоятимиз экспортчилари учун катта имкониятлар майдонига айланди.
Халқимизда “Пок ниятлар билан бошланган ҳар қандай хайрли иш, албатта, ижобат бўлади”, деган ҳикматли гап бор. Ҳар бир соҳада давлатимиз раҳбарининг сиёсий иродаси ва азму шижоати билан ҳаётга татбиқ этилаётган ислоҳотлар кутилганидан ҳам аъло самаралар бераётганининг ўзак илдизи ҳам шунда. Бу саъй-ҳаракатлар, энг аввало, пок ниятга — халқимизнинг тинчлиги, ғурури ва қадр-қимматини юксалтиришга, одамларни рози қилиш, ҳар бир инсоннинг эркин ва фаровон, бахтли-саодатли ҳаёт кечиришини таъминлашга қаратилган.
Ҳаммамиз яхши тушунамиз, бундай улуғ мақсадларга ўз-ўзидан, қуруқ ва баландпарвоз гаплар билан эришиб бўлмайди. Бундай марралар фақат тинимсиз, ҳалол ва фидокорона меҳнат билан қўлга киритилади.
Авлиё бобомиз Хожа Аҳрор Валий айтганларидек: “Шоядки дейиш билан иш битмас, ғайрату ҳиммат қилмай, орзу билан ҳеч ким бир ерга етмас”. Шундай экан, ҳозирги кунда олдимизда турган ўта масъулиятли мақсад ва вазифалар барчамизни уйғотмоғи, янада кўпроқ фаоллик ҳамда сафарбарликка даъват этмоғи лозим.





