#Расмий_муносабат
2026-10-19 10:50:00 / Янгиликлар

ТОШКЕНТ ТУМАНИ ҲОКИМЛИГИНИНГ ИЖТИМОИЙ ТАРМОҚЛАРДА ЭЪЛОН ҚИЛИНГАН ХАБАРЛАР ЮЗАСИДАН РАСМИЙ МУНОСАБАТИ
Сўнгги вақтларда ижтимоий тармоқларда Тошкент тумани, "Қизғалдоқ" маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида жойлашган тадбиркорлик субъектига тегишли ер майдонида дарахтлар билан боғлиқ юзага келган вазият ҳамда бу борадаги суд жараёнлари юзасидан турли хил, баъзан ҳақиқатга тўғри келмайдиган хабарлар ва қизғин муҳокамалар тарқалмоқда. Мазкур ҳолатлар бўйича жамоатчиликка аниқ, холис, суд ҳужжатлари ва қонун нормаларига асосланган, таҳлилий маълумотларни тақдим этиш мақсадида Тошкент тумани ҳокимлиги қуйидагиларни маълум қилади:
БИРИНЧИДАН, суд ҳокимиятининг мустақиллиги ва ҳокимлик ваколат доираси ҳақида
Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 136-моддасига ва амалдаги қонунчиликка мувофиқ, одил судловни фақат суд амалга оширади. Суд ҳокимияти қонун чиқарувчи ва ижро этувчи ҳокимиятлардан, шунингдек сиёсий партиялардан ва бошқа жамоат бирлашмаларидан мустақил ҳолда иш юритади. Шу боис, Тошкент вилоят судларининг, жумладан маъмурий ёки фуқаролик ишлари бўйича судларнинг қонуний кучга кирган ҳал қилув қарорлари ҳамда ажримларини муҳокама қилиш, уларга ҳуқуқий ёки бошқача тарзда баҳо бериш, уларнинг ички мазмунини муҳокама қилиш Тошкент тумани ҳокимлиги мутасаддиларининг ваколатига кирмайди.
Ҳокимлик маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органи сифатида суднинг мустақиллиги принципини тўлиқ ҳурмат қилади ва Ўзбекистон Республикаси ҳудудида қабул қилинган суд ҳужжатларининг барча ташкилотлар, мансабдор шахслар ва фуқаролар томонидан сўзсиз ижро этилиши лозимлигини эслатиб ўтади.
ИККИНЧИДАН, Экология бошқармаси мутасаддилари томонидан йўл қўйилган эҳтимолий қонунбузилиш ҳолатлари ҳақида
Суд қарорлари ва тақдим этилган расмий ҳужжатларнинг чуқур таҳлили шуни кўрсатмоқдаки, мазкур низонинг келиб чиқишига бевосита Тошкент вилояти Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши бошқармаси ҳамда унинг Тошкент тумани бўлими мутасаддиларининг тадбиркорнинг ерга бўлган ҳуқуқларини бузувчи хатти-ҳаракатлари сабаб бўлган бўлиши мумкин.
Аниқланишича, Тошкент тумани ҳокимининг 2021 йил 3 июндаги 677-сонли қарори асосида "MODEREN GREEN SERVISE" масъулияти чекланган жамиятига 2,5 гектар ер майдони доимий фойдаланиш ҳуқуқи билан, айнан ободонлаштириш, кўкаламзорлаштириш ҳамда манзарали кўчатлар етиштириш (кўчатхона ташкил этиш) мақсадида ажратиб берилган. Мазкур ҳудудда истиқомат қилувчи аҳоли томонидан ўзбошимчалик билан юқоридаги ер майдонида 1 758 туп кўп йиллик мевали ва баланд бўйли дарахтлар экилган.
Бироқ, Экология бошқармаси ва унинг туман бўлими масъуллари тадбиркорнинг ерга бўлган ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини қўпол равишда бузган ҳолда, ушбу 1758 туп дарахтни ўзбошимчалик билан, тадбиркорнинг розилигисиз "yashilmakon.eco" электрон платформасига "Қизғалдоқ" МФЙ номидан киритиб қўйган. Бундан ташқари, суд жараёнида дарахтларни маҳаллага бириктириш тўғрисидаги далолатномаларда Тошкент тумани экология, атроф муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши бўлими бошлиғи Б. Эшназаровнинг имзолари сохталаштирилган, яъни ҳужжатлар турли хил ваколатсиз шахслар томонидан имзоланган бўлиши, мумкинлиги, шунингдек далолатномаларга "Қизғалдоқ" МФЙ ҳудудидан бошқа ҳудудларда экилган дарахтларни ҳам киритиб қўйган ҳолда уларнинг сохталаштирилган бўлиши эҳтимоли аниқланган.
Суд мазкур ҳолатлар бўйича жиноят аломатлари бор деб топиб, айбдор шахсларга нисбатан тегишли ҳуқуқий баҳо бериш учун прокуратура органларига хабарнома юборган. Бу эса ҳолатнинг қанчалик жиддий эканлигини кўрсатади.
УЧИНЧИДАН, дарахтларнинг ким томонидан ва нима сабабдан кўчирилиши масаласи (Суд ижро варақаси асосида)
Ижтимоий тармоқларда дарахтлар номаълум шахслар томонидан ноқонуний равишда кесилаётгани ёки йўқ қилинаётгани ҳақида нотўғри ва асоссиз талқинлар учрамоқда.
Фуқаролик ишлари бўйича Тошкент вилоят судининг 2-1101-2602/1620-сонли фуқаролик иши бўйича 2026 йил 10 июлдаги ҳал қилув қарори ҳамда 2026 йил 17 июлда берилган Ижро варақасига асосан, дарахтларни кўчириш масаласига аниқ ва қатъий ҳуқуқий ечим кўрсатиб ўтилган. Суд қарорига кўра:
• Жавобгарлар (Ф. Каримов, С. Ахунбабаев ва бошқалар) зиммасига тадбиркорга тегишли бўлган ер майдонида унинг қонуний фаолиятига ҳар қандай қаршилик кўрсатмаслик мажбурияти юклатилган.
• Дарахтларни кўчириш ким томонидан амалга оширилади? Ижро варақасида аниқ белгиланганидек, 1758 туп дарахтларни кўчириш мажбурияти жавобгар "Қизғалдоқ" маҳалла фуқаролар йиғини зиммасига юклатилган.
• Жараён кимнинг назоратида ва қаерга кўчирилади? Дарахтлар Тошкент тумани экология, атроф муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши бўлими назорати остида кўчирилади. Кўчириладиган янги жойни белгилаш мажбурияти эса Тошкент туман ҳокимлиги зиммасига юклатилган.
• Харажатларни ким қоплайди? Дарахтларни кўчириш билан боғлиқ барча харажатлар даъвогар "MODEREN GREEN SERVISE" МЧЖ зиммасига юклатилган.
Шундан кўриниб турибдики, дарахтларнинг бошқа жойга кўчирилиши – бу ноқонуний кесиш эмас, балки тадбиркорнинг қонуний ҳуқуқларини тиклаш ҳамда дарахтларни сақлаб қолиш мақсадида суд ҳужжати асосида амалга оширилиши лозим бўлган қонуний жараёндир.
ХУЛОСА ЎРНИДА
Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, Тошкент тумани ҳокимлиги давлатимиз раҳбари томонидан олиб борилаётган тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш, бизнес учун қулай муҳит яратиш ва энг асосийси, хусусий мулк дахлсизлигини таъминлаш сиёсатини оғишмай ва қатъий амалга оширади. Давлат органларининг тадбиркор фаолиятига ноқонуний аралашувига йўл қўйилмайди.
Муҳтарам Президентимиз ташаббуси билан амалга оширилаётган "Яшил макон" умуммиллий лойиҳаси табиатни асрашдек эзгу мақсадларга хизмат қилиши керак. Бу жараёнда тадбиркорларнинг ҳалол меҳнатини ўзлаштириш, уларнинг мулкини қалбакилаштириш орқали сохта кўрсаткичлар (приписка) ортидан қувиш ва номақбул ҳолатларга ҳокимлик муросасиз муносабатда бўлади.
Ҳокимлик мазкур ҳолатда тадбиркорнинг ҳуқуқлари суд тартибида адолатли тикланганлигини эътироф этган ҳолда барча масъул идораларни, шунингдек кенг жамоатчиликни қонун устуворлигига қатъий амал қилишга, ижтимоий тармоқларда тарқатилаётган ҳар қандай маълумотга холис ва ҳуқуқий нуқтаи назардан ёндашишга чақиради.
Тошкент тумани ҳокимлиги Ахборот хизмати.
