ХХР да Тошкент шаҳрининг инвестицион муҳити ва имкониятлари тақдимоти давом этмоқда
2024-01-21 15:00:00 / Янгиликлар
ХХР да Тошкент шаҳрининг инвестицион муҳити ва имкониятлари тақдимоти давом этмоқда
Тошкент шаҳар ҳокими v.b. Шавкат Умурзаков бошчилигида, хитой компаниялари билан яшил технологиялар, ақлли шаҳарсозлик, транспорт, савдо соҳаларида ҳамкорликни ўрнатиш, инвесторларни Тошкент шаҳрида амалга оширилаётган йирик лойиҳаларга жалб этиш, мавжуд ва истиқболли қўшма лойиҳалар кўламини кенгайтириш мақсадида, ХХР бизнес доиралари вакиллари билан учрашувлар давом этмоқда.
Хусусан, оптимал ишланган шаҳар транспортини, шу жумладан, ғилдиракли трамвайларни ишлаб чиқаришда етакчи бўлган “СРРС Гроуп” компанияси билан учрашув бўлиб ўтди. Шунингдек, “Шангҳаи Сонструстион Гроуп” корпорацияси билан йўллар реконструкцияси, кўкаламзорлаштириш ва йўл ўтказгичларини қуриш борасидаги музокаралар натижасида келишувлар имзоланди. Бундан ташқари, “Жибао Элестрисал” компанияси билан Тошкент шаҳрида трансформаторлар ишлаб чиқариш корхонасини ташкил этиш борасида келишувга эришилди.
Учрашувлар доирасида “Тошкент Инвест Компанияси” АЖ бошқарув раиси Баҳром Шакиров ва стратегик ривожланиш бўйича раис ўринбосари Рустам Қодировлар пойтахт инвестицион салоҳиятини акс эттирувчи батафсил тақдимотни ўтказдилар. Шаҳримиз халқаро рейтинги, инвесторлар учун шароитлар ва кафолатлари, иқтисодий кўрсаткичлари, умуман, уни ривожлантириш стратегияси ҳақида маълумот берилди.
Тадбирда Тошкент шаҳар ҳокимининг инвестициялар ва ташқи савдо масалалари бўйича ўринбосари Шароф Рахманов, Сергели туманининг ҳокими Элбек Шукуров, ХХР да фаолият юритувчи тадбиркорлар иштирок этди.
Ҳоким ўринбосари Тошкент жадал ривожланаётгани ва унда таълим, тиббиёт, транспорт, инфратузилма реконструкцияси ва модернизацияси соҳаларида йирик ривожланиш дастурлари қабул қилинганини маълум қилди. Тошкент ушбу йўналишларда йирик, ишончли ҳамкорлар билан шериклик учун очиқлигини айтиб ўтди.
Давлатимиз раҳбарининг очиқлик сиёсати шарофати билан, сўнгги пайтларда Тошкентга сайёҳлар ҳамда пойтахт билан ҳамкорликдан манфаатдор ишбилармонлик доиралари вакилларининг оқими сезиларли даражада ошгани алоҳида таъкидланди.
Учрашувлар натижасида юқорида номи келтирилган компаниялар билан қатор инвестицион келишувлар имзоланди ва уларнинг умумий қиймати 970 млн АҚШ долларини ташкил этди.








