Соғлиқни сақлашни рақамлаштириш жадаллашади
2024-01-03 12:00:00 / Янгиликлар
Ўзбекистон Республикаси Президенти “Соғлиқни сақлаш тизимини рақамлаштиришни жадаллаштириш ҳамда илғор рақамли технологияларни жорий этиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” қарор қабул қилди.
Унга мувофиқ, Соғлиқни сақлаш вазирлиги тизимидаги «ИТ-Мед» давлат муассасаси тугатилиб, унинг вазифа ва функциялари "Давлат ахборот тизимларини яратиш ва қўллаб-қувватлаш бўйича ягона интегратор — «УЗИНФОСОМ» МЧЖ зиммасига юклатилади.
Ягона интеграторнинг вазифалари қуйидагилардан иборат бўлади:
илғор халқаро тажриба асосида соғлиқни сақлаш тизимида бизнес жараёнларини рақамлаштириш орқали мақбуллаштириш ва соддалаштириш ҳамда бу борадаги механизмларни ишлаб чиқиш ва амалиётга жорий этиш;
"Электрон соғлиқни сақлаш" ахборот тизимларининг ягона комплексини жорий этиш ва қўллаб-қувватлаш, шунингдек, уларнинг бошқа давлат органларининг ахборот тизимлари билан интеграциясини таъминлаш;
тиббиёт ва фармацевтика соҳасида рақамли технологиялар ва коммуникациялар сиёсати ва стандартларини жорий этиш;
соғлиқни сақлаш соҳасида амалга оширилаётган ахборот тизимларини ривожлантириш ва хорижий молия ташкилотлари томонидан молиялаштириладиган лойиҳаларнинг техник-иқтисодий параметрлари, концепциялари, шунингдек, бошқа лойиҳа ва лойиҳаолди ҳужжатларини ишлаб чиқиш;
белгиланган вазифаларни руёбга чиқариш мақсадида инвесторлар, бизнес ҳамкорлар ва аутсорсинг хизматларини жалб қилишдан иборат бўлади.
«ИТ-Мед» давлат муассасаси томонидан амалга оширилаётган жорий лойиҳалар бўйича, шу жумладан тузилган шартномалар доирасида ҳуқуқ ва мажбуриятлар тўлиқлигича Ягона интеграторга ўтади.
Қарорга мувофиқ, "Рақамли соғлиқни сақлаш ислоҳотларини қўллаб-қувватлаш" лойиҳаси доирасида Рақамли соғлиқни сақлаш платформаси ишлаб чиқилади.
Республикадаги барча тиббиёт ва фармацевтика ташкилотлари, шу жумладан дорихоналар мажбурий тартибда босқичма-босқич Платформага уланади.
Соғлиқни сақлаш соҳасидаги ахборот тизимлари, ресурслари ва бошқа дастурий маҳсулотларни яратиш ва жорий этиш мажбурий тарзда Ягона интегратор билан келишилган ҳолда амалга оширилади.
Ҳужжат Қонунчилик ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 2023 йил 29 декабрдан кучга кирди.
Манба: Norma.uz

