Тадбиркорлар эҳтиёжига мос мутахассислар тайёрлаш дастури амалга оширилади
2025-10-03 11:30:00 / Янгиликлар

Термиз туманида ёшларни касб-ҳунарга йўналтириш, иш билан таъминлаш, тадбиркорлик фаолияти учун зарур кадрларни тайёрлаш ва бу борадаги ҳамкорликни кучайтириш масалаларида туман ҳокими Шухрат Назаров ва тегишли орган мутасаддилари раҳбарлигида йиғилиш ўтказилди.
Йиғилишда маҳаллий ишлаб чиқариш ва саноат корхоналари, таълим муассасалари, касб-ҳунарга тайёрлаш билан шуғулланувчи тадбиркорлар ҳамда туман политехникуми масъуллари иштирок этди.
Учрашувда тадбиркорлик субъектларига қайси йўналишларда мутахассислар зарур эканлиги ўрганилиб, уларни қисқа муддатда тайёрлаш мақсадида техникумларда махсус ўқув курсларини ташкил этиш масаласи муҳокама қилинди. Шунингдек, хорижда ишлаш истагида бўлган фуқароларни меҳнат миграциясига тайёрлаш доирасида хорижий тиллар ва турли касб-ҳунар йўналишларига ихтисослаштирилган ўқув марказларини ташкил этиш истагида бўлган тадбиркорларга техникумларда зарур шарт-шароитлар яратиб бериш вазифаси қўйилди.
Йиғилиш якунида билдирилган таклиф ва мулоҳазалар асосида тадбиркорлик субъектларига зарур мутахассислар рўйхати, уларни тайёрлаш муддатлари, ўқув марказлари учун техникумнинг бўш хоналарини ижарага бериш ҳамда бошқа йўналишларни қамраб олган йўл харитасини ишлаб чиқиш белгиланди.
Ушбу вазифалар туманда тадбиркорлик фаолиятини ривожлантириш, ёшларни касб-ҳунарга йўналтириш ва аҳоли бандлигини таъминлашда муҳим қадам бўлиб хизмат қилади.






