Термиз туманида 6,3 миллион долларлик инфратузилма лойиҳалари тақдимот қилинди
2025-07-17 18:30:00 / Янгиликлар

Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлиги, Ислом тараққиёт банки ва БМТ Тараққиёт дастури (БМТТД) ҳамкорлигида, “Қишлоқ жойларни комплекс ривожлантириш” лойиҳасининг иккинчи босқичи доирасида Термиз туманининг 5 та маҳалласида – Янгиобод, Ат-Термизий, Нурафшон, Орол ва Янгиҳаёт маҳаллаларида аҳолининг турмуш даражасини оширишга қаратилган йирик инфратузилма лойиҳалари амалга оширилади.
Бугун туман ҳокимлигида ўтказилган тақдимотда БМТТД вакиллари, маҳалла фуқаролар йиғинлари раислари, ташаббускор гуруҳ аъзолари ва лойиҳа ишчи гуруҳи иштирок этди. Тадбир давомида маҳаллаларни ривожлантириш режаларини ишлаб чиқиш жараёнлари, мавжуд муаммолар ва уларни ҳал этиш бўйича таклиф этилган ечимлар муҳокама қилинди.
Хусусан, маҳаллаларда мавжуд муаммолар, ҳар бир ҳудуд учун аниқ ривожланиш режаси, ташаббускор гуруҳлар ва аҳоли иштирокида лойиҳалаштириш ёндашувлари бўйича истиқболли режалар тақдим этилди.
Лойиҳадан кўзланган мақсад – аҳолининг яшаш шароитларини яхшилаш инфратузилмани замонавий талаблар асосида такомиллаштириш, маҳаллаларнинг ижтимоий-иқтисодий имкониятларини кенгайтиришдир.
Бу лойиҳа нафақат инфратузилмаларни яхшилайди, балки маҳаллаларда ижтимоий фаолликни ошириб, аҳолининг ўз келажагини яратишдаги иштирокини кучайтиради.









