Суд ҳужжати - унинг ижроси билан аҳамиятли
2025-06-20 10:30:00 / Янгиликлар

Суд ҳокимиятининг чинакам мустақиллигини, фуқаролар ҳуқуқ ва эркинликларининг ишончли ҳимоясини таъминлаш ҳамда одил судловга эришиш даражасини ошириш суд-ҳуқуқ тизимини ислоҳ қилиш соҳасида давлат сиёсатининг асосий устувор йўналишлари ҳисобланади.
Ўтган давр мобайнида суд тизими фаолияти самарадорлигини ошириш, судьяларни танлаш ва жой-жойига қўйиш тартибини такомиллаштириш, ҳар бир иш бўйича қонуний, асослантирилган ва адолатли суд қарори чиқарилишини таъминлашга қаратилган комплекс чора-тадбирлар амалга оширилди.
Шу билан биргаликда жамият ва давлат ҳаётини кенг кўламли ислоҳ қилиш, амалга оширилган суд-ҳуқуқ ислоҳотлари доирасида суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тизимини такомиллаштириш соҳасида ҳам салмоқли ишлар амалга оширилди. Дунёнинг илғор демократик давлатларида суд ҳужжатларини ижро этиш соҳасида шаклланган тажриба ва амалиёт таҳлили асосида мажбурий ижро бюросининг тузилма ва вазифалари мажбурий ижро тизими ривожланишининг замонавий талаблари ва жаҳон тенденцияларига мувофиқлаштирилди.
Суд ҳужжатларини ижро этишдан ҳар қандай бўйин товлашнинг олдини олишга, шунингдек, фуқароларнинг минимал турмуш даражасини таъминлаш учун зарур бўлган пул маблағлари дахлсизлигини кафолатлашга қаратилган суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тўғрисидаги қонун ҳужжатлари тизимлаштирилди ва янада такомиллаштирилди.
Ўзбекистон Республикаси ИПКнинг 15-моддасига биноан қонуний кучга кирган суд ҳужжатлари барча давлат органлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, бошқа органлар, жамоат бирлашмалари, корхоналар, муассасалар, ташкилотлар, мансабдор шахслар ва фуқаролар учун мажбурийдир ҳамда ушбу ҳужжатлар Ўзбекистон Республикасининг бутун ҳудудида ижро этилиши лозим.
Суд ҳужжатларини бажармаслик ушбу Кодексда ва бошқа қонунларда белгиланган жавобгарликка сабаб бўлади.
Давлатимиз раҳбари раислигида жорий йилнинг 16 июнь куни амалга оширилаётган ислоҳотлар натижадорлиги, ҳудудларда ишларнинг бориши ва аҳолини қийнаётган масалалар таҳлили бўйича ўтказилган видеоселектор йиғилишида 2025 йилнинг ўтган 5 ойида иқтисодий-ижтимоий кўрсаткичлар таҳлили, ижро интизоми, жисмоний ва юридик шахслар мурожаатларининг ҳал этилишидаги камчиликлар билан бир қаторда, суд ҳужжатларининг ижроси аҳволига ҳам тўхталиб ўтиб, ҳар 5 та суд қароридан биттаси ижро қилинмаётгани танқид қилинди ҳамда аҳволни яхшилаш бўйича зарур топшириқ ва кўрсатмалар белгилаб олинди.
Ҳудди шунингдек, 16.06.2025 йилда Ўзбекистон Республикаси “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тизимини такомиллаштиришга қаратилган ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Қонунининг қабул қилингани суд ҳужжатларининг ижросини ташкил этиш, уни таъминлашдаги мавжуд муаммоларнинг ҳуқуқий ечими бўлиб хизмат қилмоқда.
Қонун билан Ўзбекистон Республикасининг Иқтисодий процессуал кодекси, Фуқаролик-процессуал кодекси, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекси, Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодекс, Солиқ кодекси ҳамда Ўзбекистон Республикаси “Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тўғрисида”ги Қонунига бир қатор тегишли ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди.
Ўзбекистон Республикасининг Иқтисодий процессуал кодексининг 336-моддасига киритилган қўшимчаларга кўра, ижро варақалар ундирувчи жисмоний шахсларга электрон ҳужжат тарзида, уларнинг Ўзбекистон Республикаси Ягона интерактив давлат хизматлари порталидаги шахсий кабинети орқали – мавжуд бўлган тақдирда, ундирувчи юридик шахсларга эса солиқ тўловчининг шахсий кабинети орқали юборилиши белгиланди.
Агар Ўзбекистон Республикаси Ягона интерактив давлат хизматлари порталида ундирувчи жисмоний шахснинг шахсий кабинети мавжуд бўлмаса, ижро варақаси қоғоз шаклида берилиши назарда тутилди.
Бундан ташқари, ушбу кодекс 337-моддаси биринчи қисмининг 4-бандига киритилган қўшимчаларга биноан, ижро варақасида ундирувчи ва қарздорнинг номи (фамилияси, исми, отасининг исми), уларнинг жойлашган ери (почта манзили) ёки яшаш жойи, ундирувчи ва қарздор жисмоний шахснинг шахсий идентификация рақами (Ўзбекистон Республикаси фуқароси бўлмаган жисмоний шахсларнинг шахсини тасдиқловчи бошқа ҳужжатларнинг реквизитлари), шунингдек ундирувчи ва қарздор юридик шахснинг солиқ тўловчи идентификация рақами кўрсатилиши шартлиги белгиланди.
Мазкур модданинг иккинчи қисми янги таҳрирда келтирилиб, унга кўра, суд ҳужжатига асосан бериладиган ижро варақаси судьянинг электрон рақамли имзосидан фойдаланган ҳолда расмийлаштириладиган ва QR-код (матрицали штрихли код) билан тасдиқланади. Бунда суд ҳужжати асосида бериладиган ижро варақаси Ўзбекистон Республикасидан ташқарида ижро этилиши лозим бўлса, у суднинг муҳри ва судьянинг имзоси билан тасдиқланган ҳолда қоғоз шаклида берилиши (юборилиши, тақдим этилиши) мумкин.
Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикаси “Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тўғрисида”ги Қонунига киритилган ўзгартириш ва қўшимчаларга биноан, ижро ишлари бўйича ягона электрон базани юритиш, шунингдек қарздорнинг ундирувга қаратилиши мумкин бўлган мол-мулки ёки даромадлари мавжуд бўлмаган тақдирда ва унинг мол-мулкини ёки даромадларини қидириш юзасидан давлат ижрочиси қонунда йўл қўйиладиган доиарада кўрган барча чоралар натижасиз бўлган тақдирда, ижро ишини юритиш давомида қарздорга нисбатан ўрнатилган чекловларни қарзлар тўлиқ тўланганидан кейин бекор қилиш тартиби белгиланди.
Шунингдек, ижро ҳужжатини шакллантириш чоғида ижро ҳужжатига ундирувчи жисмоний шахснинг шахсий идентификация рақами ёки ундирувчи юридик шахснинг солиқ тўловчи идентификация рақами мажбурий киритилишини, шунингдек суд ҳужжатларига асосан берилган ижро ҳужжатлари тарафларга электрон шаклда тақдим этилиши ҳамда юборилишини назарда тутувчи ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди.
Шу билан бирга, ушбу Қонун “Мажбуриятлар реестри” деб номланган янги 32-боб билан тўлдирилиб, унда мажбуриятлар реестрини юритиш, мажбуриятлар реестридаги ижро ҳужжатларига доир маълумотларни сақлаш ва чиқариб ташлаш тартиби ҳамда муддатларини белгиловчи нормалар белгиланди.
Мазкур Қонун фуқаролар, жамият ва давлатнинг ҳуқуқ ҳамда қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилишга, суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этишда инсон омилини камайтиришга, мажбурий ижро этиш тизимини янада такомиллаштиришга хизмат қилади.
Термиз туманлараро иқтисодий судининг судьяси Ботиржон Абдуллаев
