"Китобхонлик ҳафталиги" Ахборот-кутубхона марказига китоблар тақдим этиш билан бошланди
2025-04-21 15:40:00 / Янгиликлар

Бугундан бошлаб мамлакатимиз бўйлаб "Ўзбекистон – китобхонлар юрти" шиори остида V Республика "Китобхонлик ҳафталиги" старт олди. Жорий йил 27-апрелига қадар давом этадиган ушбу ҳафталик доирасида янги китоблар тақдимоти, китоб ярмаркалари, акция ва викториналар, маҳорат дарслари, шоир ва ёзувчилар билан учрашувлар каби кўплаб маданий-маърифий тадбирлар ўтказилиши режалаштирилган.
Хусусан, Термиз тумани Ахборот-кутубхона марказида мазкур ҳафталикнинг очилиш маросими бўлиб ўтди. Тадбирда туман ҳокими Шухрат Назаров иштирок этди ва кутубхона фонди учун турли хилдаги бадиий, сиёсий ва илмий китоблар жамланмасини топширди.
Маросим давомида туман раҳбари китобнинг инсон маънавияти ва билим олишда тутган ўрни ҳақида фикр билдириб, барча фуқароларни "Китобхонлик ҳафталиги"да фаол иштирок этишга чақирди.
Тадбир доирасида ёшлар ўртасида китобхонликка бағишланган викториналар, мусиқа ва шеърият кечалари, шунингдек, маҳаллий ёзувчи ва шоирлар иштирокида ижодий учрашувлар ташкил этилди.









