Судларда рақамлаштириш ишлари давом этмоқда
2025-04-04 17:05:00 / Янгиликлар

Мамлакатимизда инсон қадри ва манфаатлари йўлида олиб борилаётган барча соҳалардаги тизимли ислоҳотлар суд-ҳуқуқ соҳасини ҳам қамраб олмоқда. Кейинги йилларда мамлакатимизда судлов фаолиятини рақамлаштириш бўйича амалга оширилган ислоҳотлар фуқароларнинг ўз ҳуқуқлари ва манфаатларини ҳимоя қилиш юзасидан судларга мурожаат қилишини либераллаштириш, умуман одил судловга эришиш даражасини ошириш, шунингдек судлар фаолиятининг очиқлиги ва шаффофлигини таъминлаш имконини берганлигини, натижада ариза бериш, ишда масофадан иштирок этиш, суд ҳужжатларини олиш ва ишларнинг кўрилиши ҳақида маълумот олиш каби хизматлар Ўзбекистон Республикаси Олий судининг интерактив хизматлар портали орқали электрон шаклда амалга оширилаётгани ҳеч кимга сир эмас. Шу билан бирга бугунги кунда видеоконференцалоқа режимида ўтказиладиган суд мажлисларида мобиль видеоконференцалоқа тизимидан фойдаланишнинг ҳуқуқий асосларини яратиш орқали процессуал қонунчилик янада такомиллаштирилиб, фуқаролар ва тадбиркорлик субъектлари, бошқа юридик шахсларга янада қўшимча қулайлик яратиш, уларнинг вақтларини тежаш мақсадида ахборот телекоммуникация технологиялари имкониятларидан самарали фойдаланган ҳолда суд муҳокамаларида масофадан иштирок этишига шарт-шароитлар яратилганлиги низоси судда кўрилаётган манфаатдор шахсни бефарқ қолдирмайди, албатта.
Парламентимиз томонидан 11.03.2025 йилда қабул қилинган Ўзбекистон Республикасининг “Аҳолига суд муҳокамаларида масофадан иштирок этиш учун янада қулай шароитлар яратилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Қонуни соҳада амалга оширилган навбатдаги янгиланишларнинг ҳуқуқий асоси бўлиб хизмат қилмоқда. Ушбу Қонун билан Ўзбекистон Республикасининг Фуқаролик процессуал кодексига, Иқтисодий процессуал кодексига ва Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодексига аҳолининг суд муҳокамаларида масофадан иштирок этишининг ҳуқуқий асослари яратилишини назарда тутувчи ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди.
Ўзбекистон Республикасининг Иқтисодий процессуал кодексининг 166-моддасига киритилган қўшимча ва ўзгартиришларга кўра «Ишда иштирок этувчи шахсларнинг видеоконференцалоқа режимидаги суд мажлисида иштирок этишини таъминлаш учун кўрсатилган шахсларнинг яшаш жойи, жойлашган ери ёки турган жойи бўйича тегишли судларнинг видеоконференцалоқа тизимларидан ёхуд ишни кўраётган суднинг мобиль видеоконференцалоқа тизимидан фойдаланилади».
Шунингдек, ушбу модда қуйидаги мазмундаги бешинчи қисм билан тўлдирилди:
«Видеоконференцалоқа режимидаги суд мажлисида видеоконференцалоқа тизимидан фойдаланган ҳолда иштирок этаётган гувоҳларга, экспертларга, мутахассисларга, таржимонларга ўз ҳуқуқлари, мажбуриятлари ва жавобгарлиги тушунтирилганлиги аудио- ва видеоёзув орқали қайд этилади ва бу ҳақда суд мажлиси баённомасида кўрсатилади».
Хулоса ўрнида таъкидлаш лозимки, ушбу Қонун фуқароларнинг одил судловга эришиш даражасини янада оширишга, фуқароларнинг бузилган ҳуқуқ ва эркинликлари, шунингдек қонуний манфаатлари ишончли ҳимоя қилинишини таъминлашга хизмат қилади.
Термиз туманлараро иқтисодий судининг судьяси Б.Абдуллаев
