Термиз туман прокурори Ёдгор Бозоровнинг фирибгарлик жиноятларини олдини олиш бўйича аҳолига мурожаати
2026-10-02 18:45:00 / Раҳбариятнинг баёнотлари ва нутқлари

Ҳурматли фуқаролар!
⚡️Бугунги кунда фуқароларнинг мол-мулки ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, фирибгарлик жиноятларининг олдини олиш ҳамда бундай жиноятларга қарши курашиш муҳим вазифалардан бири ҳисобланади.
📊Таҳлилларга кўра, ҳудудимизда фирибгарлик жиноятлари жорий йилнинг ўтган даврида ўтган йилнинг мос даврига нисбатан икки баробарга ошган.
⚡️Фирибгарлик жиноятларининг аксарияти фуқароларнинг ишончига кириш, турли ёлғон ваъдалар бериш, алдаш ёки мавжуд ҳолатни атайлаб нотўғри талқин қилиш орқали ўзганинг пул маблағлари ёки мол-мулкини қўлга киритиш билан боғлиқ.
Айрим ҳолларда фуқароларга ишга жойлаштириб қўйиш, уй-жой ёки автомобиль олиб бериш, турли масалаларни таниш-билишлари орқали ҳал қилиб бериш, қарз маблағларини қайтариб бериш каби ваъдалар берилиб, улардан пул маблағлари олинмоқда.
Шу муносабат билан барча фуқароларни ҳушёр ва огоҳ бўлишга, бегона шахсларнинг асоссиз ваъдаларига ишонмасликка чақирамиз.
Ўзаро пул ёки мол-мулк билан боғлиқ муносабатларда тегишли ҳужжатларни расмийлаштириш, пул маблағларини беришда ҳуқуқий асосларнинг мавжудлигига ишонч ҳосил қилиш ҳамда шубҳали таклифларга алданмаслик лозим.
Айниқса, катта миқдордаги пул маблағларини бегона шахсларга ишониб топширишдан олдин ушбу шахснинг ваъдалари ва маълумотларини тегишли тартибда текшириш зарур.
Ҳурматли фуқаролар!
🔔Фирибгарлик жиноятининг олдини олиш фақат ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг эмас, балки ҳар бир фуқаронинг ҳам вазифасидир. Сизнинг ҳушёрлигингиз ва қонунийликка риоя қилишингиз кўплаб жиноятларнинг олдини олишга хизмат қилади.
📞Агар сиз фирибгарлик ҳолатига дуч келган бўлсангиз ёки кимдир сизни алдаш йўли билан пул ёки мол-мулкингизни эгаллашга уринаётганидан хабар топсангиз, зудлик билан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга мурожаат қилишингизни сўраймиз.
🫥Фуқароларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, фирибгарлик жиноятларининг олдини олиш ва содир этилган жиноятларни ўз вақтида фош этиш бўйича тегишли чоралар кўрилади.
