Ҳар бир мурожаат ортида — инсон тақдири
2026-09-30 15:25:00 / Янгиликлар

Фуқароларни қийнаётган муаммоларни ўз вақтида аниқлаш, уларни жойида ўрганиш ва амалий ечим топиш — аҳоли билан очиқ мулоқотнинг энг муҳим мезонларидан биридир. Термиз туманида ҳам фуқароларнинг мурожаатларини тинглаш, муаммоларни тизимли ўрганиш ва масъуллар иштирокида ҳал этиш ишлари изчил давом эттирилмоқда.
Шу мақсадда бугун Термиз тумани Халқ қабулхонаси биносида туман ҳокимлигининг навбатдаги фуқаролар қабули ўтказилди.
Қабул давомида фуқароларнинг ижтимоий ҳимоя, уй-жой, бандлик, соғлиқни сақлаш, кадастр, коммунал хизматлар ҳамда бошқа масалаларга оид жами 23 та мурожаати тингланди.
Ҳар бир мурожаат бўйича фуқаронинг муаммоси атрофлича ўрганилиб, масалага тегишли ташкилот ва масъуллар жалб этилди. Айрим мурожаатлар жойида ҳал этилиб, фуқароларга зарур тушунтириш ва амалий кўмак кўрсатилди.
Қўшимча ўрганиш, ҳуқуқий ёки техник жиҳатдан аниқлик киритишни талаб этадиган масалалар юзасидан масъул раҳбарларга аниқ топшириқлар берилди. Мурожаатларнинг белгиланган муддатларда кўриб чиқилиши ва якуний натижаси бўйича фуқароларга маълумот берилиши алоҳида назоратга олинди.
Қабул жараёнида фуқароларнинг таклиф ва муаммоларига бефарқ бўлмаслик, ҳар бир мурожаатга индивидуал ёндашиш ва масалани ортга сурмасдан амалий ечим топиш зарурлиги таъкидланди.
Термиз туманида аҳоли билан очиқ, самимий ва доимий мулоқотни таъминлаш, фуқаролар мурожаатларини ўз вақтида кўриб чиқиш ҳамда ҳар бир мурожаат ортидан аниқ натижага эришиш борасидаги ишлар давом эттирилади.





