Оилавий зўравонликдан ҳимояланган аёл қувончи
2026-09-26 13:05:00 / Янгиликлар

С.К.2026 йил 14 сентябрь куни Ангор тумани “Новшахар” маҳалласидаги яшаш уйида, бир рўзғор асосида биргаликда яшаётган хотини У.Л. билан шахсий келишмовчилик сабабли ўзаро жанжаллашиб, У.Л.ни дўппослаб, унга соғлигининг қисқа муддатга ёмонлашувига сабабчи бўлган қасддан енгил шикаст етказган.
Суд-тиббий экспертизаси У.Л.га енгил тан жароҳати етказилганлиги ҳақида хулоса берган.
Ҳуқуқбузар С.К. суд мажлисида айбига иқрор бўлиб, 2026 йил
14 сентябрь куни, Ангор тумани “Новшахар” маҳалласидаги яшаш уйида, хотини У.Л.билан шахсий келишмовчилик юзасидан ўзаро жанжаллашиб, жаҳл устида хотини У.Л.ни қўли билан урганлиги, ўзи спиртли ичимлик ичганлиги учун ўзини бошқаролмай қолганлиги, оиладаги жанжаллари спиртли ичимлик ичганлиги натижасида содир бўлганлиги, бундан кейин спиртли ичимлик ичишни тўхтатиб, тузалиш йўлига кириши, қилмишидан пушаймонлик билдириб енгиллик беришни сўради.
Жабрланувчи У.Л. 2026 йил 14 сентябрь куни эри С.К. ўзининг яшаш уйида шахсий келишмовчилик юзасидан у билан жанжаллашиб, оёғи ва қўллари билан уни дуч келган жойига урганлиги ва ҳар хил қўпол сўзлар билан ҳақорат қилганлиги, эри С.К доимий равишда спиртли ичимлик ичиб, маст ҳолда оилавий зўравонлик содир қилиб келганлиги, оилани сақлаш учун ҳеч жойга мурожаат қилмаганлиги, охири мажбур бўлиб туман ИИБга мурожаат қилганлиги, С.Кга нисбатан қонуний чора кўришни сўради.
Суд, ҳуқуқбузар С.К.нинг айбдорлик даражасини, ҳуқуқбузарликни маст ҳолда содир этганлиги, жабрланувчининг даъвоси борлигини инобатга олиб, С.Кга Ўзбекистон Республикаси МЖтК 592-моддасининг 2-қисми санкцияси доирасида маъмурий қамоқ жазоси тайинлади.
Оилавий зўравонликдан жабр кўрган аёл У.Л. ҳозирги кунда эри С.К. жазони ўтаб бўлгандан сўнг, у тузалиш йўлига кириб, спиртли ичимлик ичишни тўхтатганлиги, оиласини моддий таъминлаш учун ижтимоий фойдали меҳнат билан шуғулланиб келаётганлиги, оиласи тинч тотув бўлиб қолганлиги ҳақида қувониб сўзлаб берди.
Ўзбекистон Республикаси МЖтК 592-моддасининг 2-қисмига кўра х592-моддасига кўра, Оилавий (маиший) зўравонлик хотинига (эрига), собиқ хотинига (собиқ эрига), бир рўзғор асосида биргаликда яшаётган шахсга ёки умумий фарзандга эга бўлган шахсга нисбатан содир этилган мулк, таълим олиш, соғлиқни сақлаш ва (ёки) меҳнатга оид ҳуқуқни амалга оширишга тўсқинлик қилиш, мол-мулкига ва шахсий ашёларига қасддан шикаст етказиш, худди шунингдек ушбу шахслар соғлиғининг ёмонлашувига олиб келган тарзда уларнинг шаъни ва қадр-қимматини таҳқирлаш, уларни қўрқитиш, яқин қариндошларидан ажратиб қўйиш, башарти жиноят аломатлари, шунингдек ушбу Кодексда назарда тутилган бошқа ҳуқуқбузарликлар аломатлари мавжуд бўлмаса, —
базавий ҳисоблаш миқдорининг ўн бараваридан йигирма бараваригача миқдорда жарима солишга ёки ўн суткагача муддатга маъмурий қамоққа олишга сабаб бўлади.
Ушбу ҳуқуқбузарликни маъмурий жазо қўлланилганидан кейин содир этган шахс ЖКнинг 1261-моддасига асосан жиноий жавобгарликка тортилишига асос бўлади.
Энг ачинарлиси, қонунчиликнинг мазкур нормаларидан айрим фуқароларнинг бехабарлиги натижасида бу турдаги ҳуқуқбузарлик ва жиноятлар сони кўпаймоқда.
Суд амалиётида кўрилган оилавий зўравонлик билан боғлик ишларнинг аксарияти айбдор шахснинг спиртли ичимликни ичишга ружу қўйганлиги, эри ҳеч жойга ишламаслиги натижасида оиладаги моддий етишмовчилик, рашк асосида содир бўлган жанжаллар ташкил қилади.
Судларда хотин-қизларга ва болаларга ҳар қандай зўровонлик учун жавобгарликни муқаррарлиги таъминлаш йўли билан аёллар ҳуқуқи ҳимояланиб, оилаларнинг тинч тотув ҳаёт йўлига киришига кўмаклашиб, ҳуқуқбузарларга қонунга итоаткор бўлиб яшаши таъминланмоқда.
Судья Х.Ж.Рахимова
