Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2026 йил 14 августдаги “Одил судлов — 2030”: янги Ўзбекистонда инсон ҳуқуқларини ишончли ҳимоя қилувчи халқчил ва адолатли суд тизимини барпо этиш стратегияси тўғрисида”ги ПФ-160-сон Фармони
2026-09-07 10:25:00 / Раҳбариятнинг баёнотлари ва нутқлари

Мамлакатимизда юртбошимизнинг ташаббуслари ва бевосита раҳбарлигида суд-ҳуқуқ соҳасида инсон ҳуқуқларини, қонун устуворлигини ва суд ҳокимиятининг мустақиллигини таъминлашга қаратилган туб ва изчил ислоҳотлар амалга ошириб келинмоқда. Ислоҳотлар даврида суд-ҳуқуқ соҳасида кўплаб қонун ҳужжатлари қабул қилиниб, амалиётга тадбиқ этиб келинмоқда.
Ана шундай қонун ҳужжатларидан бири бу - Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2026 йил 14 августдаги “Одил судлов — 2030”: янги Ўзбекистонда инсон ҳуқуқларини ишончли ҳимоя қилувчи халқчил ва адолатли суд тизимини барпо этиш стратегияси тўғрисида”ги ПФ-160-сон Фармони ҳисобланади.
Фармонга мувофиқ жами 3 та дастур тасдиқланиб, ижрога қаратилди.
Жумладан, “Одил судлов - 2030”: Янги Ўзбекистонда инсон ҳуқуқларини ишончли ҳимоя қилувчи халқчил ва адолатли суд тизимини барпо этиш стратегияси;
- “Одил судлов - 2030”: Янги Ўзбекистонда инсон ҳуқуқларини ишончли ҳимоя қилувчи халқчил ва адолатли суд тизимини барпо этиш стратегиясини 2026-2028 йилларда амалга ошириш бўйича ҳаракатлар дастури;
- “Одил судлов – 2030”: Янги Ўзбекистонда инсон ҳуқуқларини ишончли ҳимоя қилувчи халқчил ва адолатли суд тизимини барпо этиш стратегияси доирасида эришиладиган асосий мақсадлардан иборат.
Фармонга биноан фуқароларнинг ишончли суд ҳимоясидан фойдаланиш ҳуқуқини таъминлашга қаратилган кўплаб ўзгартириш ва янгиликлар киритилган бўлиб, рухсатларингиз билан, мен ушбу қонун ҳужжатининг иқтисодий судларга оид қисмига тўхталиб ўтсам.
Иқтисодий судларда ортиқча бюрократик процессуал қоидаларни мақбуллаштириш орқали фуқаро ва юридик шахсларнинг бузилган ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини тезкорлик билан тиклашга эришиш мақсадида фуқаролик ва иқтисодий суд ишларини юритишда ишни мазмунан ҳал этмайдиган ҳамда ишнинг кейинги ҳаракатланишига тўсқинлик қилмайдиган ажримларни қайта кўриб чиқиш инстанцияларини мақбуллаштириш. Жумладан, бу каби ажримлар бир инстанцияда қайта кўриб чиқилишини таъминловчи тартиб жорий этилмоқда.
Иқтисодий суд ишларини юритишдаги суд буйруғи, сиртдан ва соддалаштирилган тартибда иш юритиш механизмларини мақбуллаштириб, иш кўришнинг ягона — соддалаштирилган ёзма тартибини жорий этиш. Бунда судья тарафлардан зарур ҳужжатларни талаб қилган ҳолда ишни уларни чақиртирмасдан ва суд мажлисини ўтказмасдан кўриб чиқади. Суд ҳужжати устидан шикоят қилинган тақдирда, у ишни кўрган судьянинг ўзи томонидан бекор қилинишидан иборат янги тартиб белгиланмоқда.
Иқтисодий суд ишлари юритувига “иқтисодий ишларни проактив бошқариш” стандартини жорий этиш орқали корпоратив низоларни кўриб чиқишда иқтисодий судларга ўз ташаббуси билан умумий йиғилиши баённомаси ёки қарорлари ҳақиқий эмаслиги оқибатларини (масалан, давлат реестрида амалга оширилиши лозим бўлган ҳаракатларни амалга ошириш) ҳал қилиш ваколатини бериш белгиланмоқда.
Иқтисодий судларда суд харажатлари таркибини қайта кўриб чиқиш, шу жумладан, почта харажатлари ва суд мажлисини видеоконференцалоқа режимида ўтказиш билан боғлиқ харажатлар учун ягона тўловни жорий этиш белгиланмоқда.
Суд процессида тарафлар тенглиги тамойилининг тўлақонли амалга оширилишини таъминлаш мақсадида суд ишларини юритишда фуқаро ва тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва манфаатларини ҳимоя қилишга ихтисослашган махсус ташкилотлар иштирокининг процессуал-ҳуқуқий асосларини такомиллаштириш назарда тутилган.
Суд назоратини кучайтирган ҳолда айрим тоифадаги ишлар, хусусан айрим ҳуқуқий таъсир чораларини қўллаш ваколатини судлардан тегишли давлат органларига ўтказиш белгиланмоқда.
Шу жумладан, Фармонга биноан 2027 йил якунига қадар судларга мурожаат қилишда фуқароларга қўшимча имконият ва қулайликларни яратиш мақсадида Олий суднинг интерактив хизматлар портали (my.sud.uz)ни қуйидагиларни инобатга олган ҳолда такомиллаштириш чораларини кўриш белгиланди. Хусусан,
- порталнинг янгиланган мобил иловасини ишга тушириш;
- порталда “Судга мурожаат намуналари” интерактив хизматини такомиллаштириш. Бунда даъво аризалари ва бошқа ҳужжатларни тайёрлаш орқали судга мурожаат қилишни осонлаштириш;
- жисмоний ва юридик шахслар сўровига кўра суд ҳужжатларини интерактив тарзда излаш имкониятини кенгайтириш.
Фуқароларга яратилган яна бир катта қулайликлардан бири бу – “Суднинг фаол иштироки” тамойилини қўллаш доирасини кенгайтириш бўлди.
Иқтисодий низоларни тезкор ва адолатли ҳал этиш, тадбиркорлик субъектлари ва инвесторларнинг вақти ҳамда харажатларини тежаш мақсадида 2028 йил 1 январдан бошлаб судьяга ишларни кўриш жараёнида жузъий (формал) камчиликлар аниқланган тақдирда, уларни бартараф этиш чораларини кўриш мажбуриятини юклашни назарда тутувчи “иқтисодий ишларни проактив бошқариш” стандарти жорий этилиши белгиланди.
Олий суднинг “ягона дарча” тамойили асосида даъво аризасини (аризани) қайтариш институтини ислоҳ қилиш орқали судга мурожаат қилишни соддалаштириш мақсадида:
- фуқаролик, иқтисодий ва маъмурий суд ишларини юритишда аризани қайтаришнинг “иш мазкур суднинг судловига тегишли бўлмаслиги” асосини бекор қилиш ва аризани шу суднинг ўзи томонидан тегишлилиги бўйича бошқа судга ўтказиш;
- жузъий (формал) талабларга риоя этмасдан берилган даъво аризасини (аризани) қабул қилган ҳолда камчиликларни суднинг фаол кўмаги ёрдамида бартараф этиш тартиби жорий этилмоқда.
Фармонга биноан яна бир қатор қулайликлар жорий этилиши кутилмоқда.
Хулоса ўрнида қайд этишни истардимки, бугунги шиддатли ислоҳотлар даврида фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқ ва қонун билан қўриқланадиган манфаатларини суд орқали ишончли ҳимоя қилинишини, суд қарорларининг сифати ва барқарорлигини таъминлаш орқали уларнинг судга бўлган ишончини қарор топтириш, судларни бюрократиядан бутунлай ҳоли, мустақил тизимга айлантириш судлар зиммасидаги асосий вазифа этиб белгиланган.
Термиз туманлараро иқтисодий судининг судьяси Ботиржон Абдуллаев
