Ҳар бир оила билан манзилли ишлаш — асосий вазифа
2026-09-07 09:25:00 / Янгиликлар

Президент раислигида ўтказилган видеоселектор йиғилишида маҳаллаларда камбағалликни қисқартириш, аҳоли бандлигини таъминлаш, оилалар даромадини ошириш ва ижтимоий ҳимояни кучайтириш бўйича муҳим вазифалар белгилаб берилди.
Ушбу топшириқлар ижросини таъминлаш мақсадида Сурхондарё вилояти ҳокимининг биринчи ўринбосари Шерзод Ражабов ҳамда Термиз тумани ҳокими Шухрат Қаландаров "Намуна" маҳалласида бўлиб, маҳалла "еттилиги"нинг аҳоли билан ишлаш самарадорлигини ўрганди.
Жараёнда Ижтимоий реестрга киритилган оилалар билан бевосита мулоқот қилиниб, уларнинг даромадини ошириш, бандлигини таъминлаш ва мавжуд муаммоларини ҳал этиш бўйича таклифлар ўрганилди. Ҳар бир оила кесимида муаммоларни ҳал этиш бўйича масъуллар ва аниқ муддатлар белгиланди.
Ўрганишлар давомида маҳалла "еттилиги" фаолиятида йўл қўйилган камчиликларга ҳам эътибор қаратилди. Аҳоли билан ишлашда формал ёндашувга йўл қўймаслик, ҳар бир хонадоннинг ҳолатини чуқур ўрганиш ва белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш юзасидан масъулларга аниқ топшириқлар берилди.
Энг муҳими, маҳалладаги ҳар бир оиланинг муаммосини эшитиш эмас, унинг ечимини таъминлаш, оилаларни даромадли меҳнатга жалб этиш ва камбағалликдан чиқариш бўйича амалий натижага эришиш вазифаси устувор этиб белгиланди.
Берилган топшириқлар ижроси белгиланган муддатларда ўрганилиб, натижаси назорат қилиб борилади.








