ТЕРМИЗ ТУМАНИ ПРОКУРОРИ ЁДГОР БОЗОРОВНИНГ ТУМАН АҲОЛИСИГА МУРОЖААТИ
2026-08-27 10:05:00 / Раҳбариятнинг баёнотлари ва нутқлари

Ҳурматли тумандошлар!
Бугунги кунда ҳуқуқбузарлик ва жиноятчиликнинг олдини олиш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш, жамиятда тинчлик ва хавфсиз муҳитни таъминлаш энг муҳим вазифалардан биридир.
Айниқса, ахборот технологиялари жадал ривожланиб, интернет, ижтимоий тармоқлар, мобил иловалар ва электрон тўлов хизматлари кундалик ҳаётимизнинг ажралмас қисмига айланган бир пайтда кибержиноятчилик ва интернет фирибгарлигидан огоҳ бўлиш ҳар қачонгидан ҳам муҳим.
Афсуски, айрим шахслар замонавий технологиялардан ғаразли мақсадларда фойдаланиб, фуқароларнинг ишончига кириш, шахсий маълумотлари ва банк карталаридаги маблағларини қўлга киритишга уринмоқда.
Фирибгарлар ўзларини банк ходими, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган вакили ёки турли ташкилотлар масъули сифатида таништириб, "картангиз блокланади", "ҳисобингиздан шубҳали операция амалга оширилди", "сиз ютуқ соҳиби бўлдингиз" каби баҳоналар билан фуқароларни шоширишга ҳаракат қилмоқда.
Шунингдек, Telegram, Instagram ва бошқа ижтимоий тармоқларда сохта иш таклифлари, арзон маҳсулотлар, ютуқлар, инвестиция ва "тез даромад" ваъдалари орқали ҳам фуқароларни алдаш ҳолатлари учрамоқда.
Шу сабабли барчангизни ҳушёр ва эҳтиёткор бўлишга чақираман.
Банк картангиз рақами, ПИН-код, СМС орқали келган тасдиқлаш коди, пароль ва бошқа махфий маълумотларни ҳеч қачон бегона шахсларга берманг.
Номаълум ҳаволаларни очманг, шубҳали иловаларни юкламанг. Интернет орқали пул ўтказиш ёки харид қилишдан олдин маълумотларни текширинг. Телефон орқали сизни шошираётган ёки қўрқитаётган шахсга ишонмасдан, аввало унинг маълумотларини мустақил равишда аниқланг.
Айниқса, ёши катта фуқароларимиз ва ёшларни бундай хавфлардан огоҳлантириб боришимиз зарур. Чунки биргина эҳтиётсиз ҳаракат йиллар давомида йиғилган маблағдан айрилишга сабаб бўлиши мумкин.
Агар фирибгарлик ҳолатига дуч келсангиз ёки шубҳали вазиятни кузатсангиз, бундан уялиб ёки қўрқиб юрмасдан, дарҳол тегишли ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга мурожаат қилинг. Вақтни бой бермаслик муҳим.
Ҳурматли тумандошлар!
Жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш фақат ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг вазифаси эмас. Бу борада маҳалла, оила, таълим муассасалари, жамоатчилик ва ҳар бир фуқаронинг ҳушёрлиги ва фаол фуқаролик позицияси муҳим аҳамиятга эга.
Унутманг: фирибгарлар сизнинг ишончингиздан фойдаланади, ҳушёрлик эса сизнинг энг кучли ҳимоянгиздир.
Келинг, ўзимизни, оиламизни ва яқинларимизни кибержиноятчиликдан асрайлик. Интернетдан фойдаланишда масъулиятли бўлайлик, шубҳали ҳолатларга бефарқ қарамайлик ва қонунбузарлик ҳақида ўз вақтида хабар берайлик.
Ҳушёрлик — хавфсизлик гарови!
Қонунга ҳурмат — тинч ва фаровон ҳаёт асоси!
Биргаликдаги саъй-ҳаракатларимиз билан хавфсиз жамиятни барпо этамиз!
Термиз тумани прокурори
Ёдгор Бозоров
