Термиз тумани прокурори Ёдгор Бозоровнинг туман аҳолисига мурожаати
2026-08-03 18:20:00 / Янгиликлар

Ҳурматли Термиз тумани аҳолиси!
Юртимизда қонун устуворлигини таъминлаш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш, жамиятда тинчлик ва осойишталикни мустаҳкамлаш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан биридир. Шу боис коррупцияга қарши муросасиз курашиш, жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, аҳоли ўртасида ҳуқуқий маданиятни юксалтириш ҳамда қонунларга ҳурмат руҳини қарор топтириш барчамизнинг умумий вазифамиздир.
Коррупция ҳар қандай соҳанинг ривожланишига жиддий тўсқинлик қилади, давлат ва жамият тараққиётига салбий таъсир кўрсатади. Шу сабабли ҳар бир фуқаро коррупциянинг ҳар қандай кўринишига нисбатан муросасиз муносабатда бўлиши, қонунбузилиш ҳолатларига бефарқ қолмаслиги ҳамда улар ҳақида ваколатли органларга ўз вақтида хабар бериши муҳимдир.
Жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш фақат ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг вазифаси эмас. Бу борада маҳалла фуқаролар йиғинлари, давлат ташкилотлари, таълим муассасалари,
жамоатчилик ҳамда ҳар бир фуқаронинг фаол иштироки ҳал қилувчи аҳамият касб этади.
Азиз тумандошлар!
Барчангизни қонунларга ҳурмат руҳида яшашга, коррупцияга қарши муросасиз курашишга, жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишда фаол фуқаролик позициясини намоён этишга чорлайман.
Унутманг, тинч ва хавфсиз жамият, фаровон ҳаёт ҳамда юртимиз тараққиёти ҳар биримизнинг қонунга ҳурматимиз, фуқаролик масъулиятимиз ва ҳамжиҳатлигимизга боғлиқ.
