Термиз туманида Одоб-ахлоқ комиссиясининг кенгайтирилган йиғилиши ўтказилди
2026-07-15 13:25:00 / Янгиликлар

Термиз тумани ҳокими Шухрат Қаландаров раҳбарлигида Одоб-ахлоқ комиссиясининг кенгайтирилган муҳокама йиғилиши бўлиб ўтди.
Унда туман ҳокимлиги аппарати ходимларининг давлат фуқаролик хизматчилари учун белгиланган одоб-ахлоқ қоидаларига риоя этиши, хизмат фаолиятида юксак касбий маданиятни шакллантириш, хизмат интизомини мустаҳкамлаш ҳамда давлат хизматчиси шаъни ва обрўсига путур етказувчи ҳолатларнинг олдини олиш масалалари муҳокама қилинди.
Йиғилиш давомида давлат фуқаролик хизмати тизимида хизмат одоби ва ахлоқий меъёрларга қатъий амал қилиш, фуқаролар билан мулоқотда муомала маданиятини юксалтириш, мурожаатлар билан ишлашда қонунийлик, холислик ва масъулият тамойилларига риоя этиш, шунингдек, хизмат ваколатларидан шахсий манфаатлар йўлида фойдаланишга йўл қўймаслик юзасидан амалга оширилаётган ишлар таҳлил қилинди.
Туман ҳокими Шухрат Қаландаров давлат фуқаролик хизматчисининг фаолияти нафақат унинг шахсий масъулияти, балки давлат органининг жамоатчилик олдидаги обрў-эътиборини ҳам белгилаб беришини таъкидлади. Шу муносабат билан ҳар бир ходимдан қонунчилик талабларига, хизмат интизоми ва одоб-ахлоқ қоидаларига сўзсиз амал қилиш, фуқаролар билан очиқ ва ҳурмат асосида муносабат ўрнатиш, хизмат вазифаларини виждонан бажариш талаб этилиши қайд этилди.
Йиғилишда хизмат интизомини бузиш, хизматчи одобига зид хатти-ҳаракатларга йўл қўйиш ва давлат хизматчиси обрўсига салбий таъсир кўрсатувчи ҳолатларнинг олдини олиш юзасидан профилактик чора-тадбирларни кучайтириш, ички назорат механизмларини такомиллаштириш ҳамда ҳар бир раҳбарнинг шахсий масъулиятини ошириш бўйича аниқ вазифалар белгилаб берилди.
Муҳокама якунида Одоб-ахлоқ комиссияси томонидан тегишли хулосалар қабул қилиниб, давлат фуқаролик хизматида юксак маънавий-ахлоқий мезонларга риоя этилишини таъминлаш, хизмат интизомини янада мустаҳкамлаш ҳамда бу борадаги назоратни кучайтириш юзасидан масъулларга тегишли топшириқлар берилди.





