Мурожаатда натижа, муаммода ечим — устувор вазифа
2026-06-23 13:30:00 / Янгиликлар

Термиз тумани ҳокими Шухрат Қаландаров томонидан жорий йил 23 июнь куни Халқ қабулхонасида фуқаролар учун навбатдаги қабул ўтказилди. Қабулда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзоси Дилбар Суванова ҳам иштирок этиб, аҳолини қийнаётган масалаларни ўрганиш ва уларнинг ечимини таъминлаш юзасидан мурожаатларни тинглади.
Очиқ мулоқот шаклида ташкил этилган қабул давомида 25 нафар фуқаронинг 30 дан ортиқ мурожаати кўриб чиқилди. Уларда уй-жой, коммунал хизматлар, бандлик, ижтимоий қўллаб-қувватлаш, инфратузилмани яхшилаш ҳамда бошқа ҳаётий муҳим масалалар юзасидан таклиф ва мурожаатлар билдирилди.
Қабул жараёнида ҳар бир мурожаат атрофлича ўрганилиб, масъул ташкилот ва идоралар вакиллари иштирокида муҳокама қилинди. Айрим масалалар юзасидан жойида ижобий қарорлар қабул қилиниб, фуқароларнинг муаммолари ҳал этилди. Шунингдек, қонунчилик талаблари асосида ҳуқуқий тушунтириш ва маслаҳатлар берилди.
Қўшимча ўрганиш, вақт ва ресурс талаб этадиган мурожаатлар бўйича эса тегишли ташкилот раҳбарлари ва мутасаддиларга аниқ вазифалар юклатилди. Уларнинг ижросини таъминлаш бўйича муддатлар белгиланиб, назоратга олинди.
Таъкидланганидек, аҳоли мурожаатлари билан ишлаш давлат органлари фаолиятининг муҳим йўналишларидан бири ҳисобланади. Фуқароларни қийнаётган муаммоларни ўз вақтида аниқлаш ва уларга амалий ечим топиш орқали халқ розилигини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Бундай қабуллар аҳоли билан очиқ мулоқотни мустаҳкамлаш, ҳудудларда мавжуд муаммоларни тизимли ҳал этиш ҳамда давлат органларининг халқ олдидаги масъулиятини янада оширишга хизмат қилмоқда.








