Термиз тумани Ички ишлар бўлими бошлиғи подполковник Содиқ Чориевнинг кибержиноят қурбони бўлиб қолмаслик юзасидан аҳолига МУРОЖААТИ
2026-06-02 15:30:00 / Раҳбариятнинг баёнотлари ва нутқлари

Ҳурматли туманимиз аҳолиси!
Бугунги кунда ахборот технологиялари жадал ривожланаётгани билан бирга, интернет тармоғи орқали содир этилаётган жиноятлар, хусусан, киберфирибгарлик ҳолатлари ҳам кўпайиб бормоқда. Афсуски, туманимизда ҳам фуқароларнинг ишончидан фойдаланиб, турли ёлғон хабарлар, сохта сайтлар ва қалбаки қўнғироқлар орқали пул маблағларини қўлга киритишга уриниш ҳолатлари кузатилмоқда.
Айниқса, номаълум рақамлардан қўнғироқ қилиб, ўзини банк, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ёки яқин қариндош сифатида таништириб, фуқароларнинг банк картаси маълумотларини сўраб олиш, ижтимоий тармоқлар орқали арзон товар ёки инвестиция ваъда қилиб алдов йўли билан пул ундириш каби усуллар кенг тарқалган.
Шу муносабат билан, барча фуқаролардан қуйидагиларга қатъий риоя қилишларини сўраймиз:
Ҳеч қачон банк картаси рақами, PIN-код, SMS орқали келган тасдиқлаш кодларини бошқа шахсларга берманг;
Номаълум ҳаволалар (линклар) орқали кириб, шахсий маълумотларни киритманг;
Интернет орқали савдо ёки инвестиция қилишда фақат ишончли, расмий манбалардан фойдаланинг;
Ўзини давлат ёки банк ходими деб таништирган шахсларга ишониб кетманг, маълумотларни текширинг;
Шубҳали ҳолатларга дуч келганда дарҳол туман Ички ишлар бўлимига мурожаат қилинг.
Унутманг, фирибгарликнинг асосий қурбони – бепарволик ва ишонувчанликдир. Ҳар бир фуқаро ўзининг ва яқинларининг мол-мулки ҳамда шахсий маълумотлари хавфсизлигига масъул эканлигини англаб етиши лозим.
Термиз тумани Ички ишлар бўлими томонидан киберхавфсизликни таъминлаш, фирибгарлик жиноятларининг олдини олиш бўйича доимий профилактик тадбирлар олиб борилмоқда. Бироқ бу борада аҳолининг онгли муносабати ва ҳамкорлиги энг муҳим омил ҳисобланади.
Ҳурматли фуқаролар!
Огоҳ бўлинг, ахборот маданиятингизни оширинг, ўзингизни ва яқинларингизни фирибгарлардан асранг!
