Коррупцияга қарши курашиш — ҳар биримизнинг бурчимиз
2026-05-15 14:30:00 / Янгиликлар

Термиз тумани ҳокимлиги аппарати ходимлари иштирокида “Коррупцияга қарши курашиш — ҳар биримизнинг бурчимиз” мавзусида профилактик йиғилиш ўтказилди.
Тадбирда туман ҳокимининг биринчи ўринбосари Саттор Жумаев иштирок этиб, мамлакатимизда коррупцияга қарши муросасиз курашиш, давлат органлари фаолиятида очиқлик ва шаффофликни таъминлаш борасида амалга оширилаётган ислоҳотлар ҳақида тўхталиб ўтди.
Йиғилиш давомида давлат хизматчилари ўз фаолиятини қонунчилик талаблари асосида, ҳалоллик ва масъулият тамойилларига таянган ҳолда олиб бориши муҳим экани алоҳида таъкидланди. Шунингдек, хизмат вазифасини суиистеъмол қилиш, манфаатлар тўқнашувига йўл қўйиш, турли коррупциявий ҳолатларнинг олдини олиш бугунги куннинг энг долзарб вазифаларидан бири экани қайд этилди.
Туман ҳокимлиги ходимларига коррупциявий хавфларни бартараф этиш, хизмат фаолиятида шаффофликни таъминлаш, фуқаролар мурожаатларига адолатли ва қонуний ёндашиш юзасидан тушунтиришлар берилди. Шу билан бирга, ҳар бир давлат хизматчиси халқ ишончини оқлаш, фуқароларга сидқидилдан хизмат қилиш ва ўз вазифасини виждонан бажариши лозимлиги таъкидлаб ўтилди.
Йиғилишда коррупцияга қарши курашиш фақатгина ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар эмас, балки ҳар бир раҳбар ва ходимнинг шахсий масъулияти экани, бу иллатга қарши жамиятда муросасиз муносабатни шакллантириш муҳим аҳамият касб этиши айтилди.
Тадбир якунида иштирокчилар томонидан коррупциянинг олдини олиш, ҳуқуқий маданиятни юксалтириш ва давлат хизматида поклик ҳамда адолат тамойилларини мустаҳкамлаш юзасидан фикр-мулоҳазалар билдирилди.



