Хотира – миллий руҳ, қадр – инсоний бурчдир!
2026-05-09 09:50:00 / Янгиликлар

Бугун 9 май — Хотира ва қадрлаш куни муносабати билан эрта тонгда "Мотамсаро она" ҳайкали монументи майдонида Термиз тумани ҳокими Шухрат Қаландаров бошчилигида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар, давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, фахрийлар ҳамда кенг жамоатчилик иштирокида тантанали тадбир бўлиб ўтди.
Туман раҳбари йиғилганларни 9 май – Хотира ва қадрлаш куни ҳамда Ғалабанинг 81 йиллиги билан самимий қутлаб, Ватан тинчлиги ва осойишталиги йўлида жон фидо қилган мард ўғлонларимиз доимо қалбларимизда мангу яшашини таъкидлади.
Тадбир доирасида Мотамсаро Она ҳайкали пойига гулчамбарлар қўйилди. Ушбу маросим Ватанимиз тинчлиги ва халқимиз осойишталиги йўлида жон фидо қилган юртдошларимиз хотирасига ҳурмат бажо келтириш, уларнинг мангу хизматларини эъзозлаш рамзи бўлди.
Шундан сўнг, маданият ходимлари ва ўқувчи ёшлар томонидан саҳна кўринишлари, Ватанни мадҳ этувчи куй-қўшиқлари намойиш этилди. Дунё тинчлиги йўлида жонини фидо қилганлар хотираси йод этилиб, ҳозирги дориломон ҳаётимиз учун шукроналар айтилди.
Бугун мамлакатимиз бўйлаб 9 май — Хотира ва қадрлаш куни ўзгача маънавий руҳда нишонланмоқда. Бу сана — азиз аждодларимиз хотирасини йод этиш, уларнинг эзгу ишлари давомчиси бўлиш, Ватан равнақи йўлида фидокорона хизмат қилган кексаларга чуқур ҳурмат ва эҳтиром кўрсатиш каби олижаноб мақсадларни ўзида мужассам этган муҳим санадир.









