Термиз туман прокурори Ёдгор Бозоровнинг ҳуқуқбузарлик ва жиноятчиликнинг олдини олиш борасида туман аҳолисига йўллаган МУРОЖААТИ
2026-05-05 18:45:00 / Раҳбариятнинг баёнотлари ва нутқлари

Мамлакатимизда қонун устуворлигини таъминлаш, жамиятда адолат ва ошкораликни қарор топтириш, фуқароларнинг ҳуқуқий маданиятини оширишга йўналтирилган кенг кўламли ислоҳотлар изчил амалга оширилмоқда. Термиз туманида ҳам ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, жиноятчиликни камайтириш ва коррупцияга қарши курашиш борасида тизимли чора-тадбирлар олиб борилмоқда.
Бу чора-тадбирлар нафақат давлат идоралари, балки маҳаллий ўзини-ўзи бошқариш органлари, таълим муассасалари, фуқаролик жамияти институтлари ва кенг жамоатчилик иштирокида амалга оширилиб, бутун жамиятни қамраб олган ҳолда олиб борилмоқда.
Ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш — хавфсиз жамият сари муҳим қадам.
Туманимизда маҳалланинг аҳоли ва давлат органлари ўртасида ишончли "кўприк" бўлишини таъминлаш, халқимизнинг тинч ва осойишта ҳаёт кечириши учун зарур шарт-шароитлар яратиш борасида тизимли ишлар амалга оширилаётган бўлиб, "Обод ва хавфсиз маҳалла" тамойили асосида ҳар бир маҳаллада муаммоларни жойида аниқлаб, комплекс ёндашув асосида ҳал этиш механизмлари жорий этилган.
Ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш мақсадида маҳалла раиси, ҳоким ёрдамчиси, ёшлар етакчиси, хотин-қизлар фаоли, профилактика инспектори, ижтимоий ходим ва солиқ инспектори жамоатчилик асосида фаолият юритадиган "маҳалла еттилиги" томонидан ижтимоий профилактика тадбирлари, ш.ж. фуқаролар билан учрашувлар, маънавий-маърифий тадбирлар ўтказилмоқда. Ушбу тадбирлар орқали аҳолига амалдаги қонунлар, ҳуқуқ ва мажбуриятлар, ҳуқуқбузарликлар учун белгиланган жавобгарлик тартиблари тушунтирилмоқда.
Ёшлар ўртасида ҳуқуқий билимларни мустаҳкамлаш мақсадида мактаб ва бошқа ўқув муассасаларида "Ҳуқуқий соатлар", давра суҳбатлари, интерактив машғулотлар, танловлар ва ижтимоий лойиҳалар ташкил этилмоқда.
Бундай тадбирлар орқали ёш авлоднинг ҳуқуқбузарликларга нисбатан муросасиз муносабати шакллантирилмоқда.
Шу билан бирга, "ижтимоий хавфли гуруҳ"га кирувчи фуқаролар билан индивидуал тарзда иш олиб бориш, уларни жамиятга фаол жалб этиш, иш билан таъминлаш масалаларига ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Кундалик ҳаётдаги коррупцияга чек қўйиш — асосий мақсадлардан бири.
Коррупция жамият тараққиётига, давлатнинг нуфузига жиддий салбий таъсир кўрсатади. Шу боис туманда давлат хизматларини кўрсатиш жараёнларини тўлиқ рақамлаштириш, инсон омилини чеклаш ва ошкораликни таъминлаш орқали кундалик ҳаётдаги порахўрлик ва ғаразли муносабатларнинг олди олинмоқда.
Тумандаги кўплаб давлат ташкилотлари, айниқса аҳоли билан бевосита ишловчи тузилмаларда, электрон навбат тизимлари, онлайн мурожаат ва хизмат платформалари, "Ягона интерактив давлат хизматлари портали" орқали хизмат кўрсатиш амалиёти йўлга қўйилган.
Бу эса фуқароларнинг давлат идораларига тўғридан-тўғри мурожаат қилиши, ҳужжатларни ортиқча оворагарчиликсиз, шаффоф ва тезкор олишига хизмат қилмоқда. Коррупцияга қарши кураш бўйича ҳудудий кенгаш фаолият юритиб, ҳар бир муассаса ва ташкилотда коррупциявий хавфлар таҳлили олиб борилади, хизматчиларнинг масъулияти кучайтирилади.
Хулоса ўрнида: Термиз туманида ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва коррупцияга қарши курашни янада кучайтириш мақсадида барча даражадаги идора ва ташкилотлар, фуқаролик жамияти вакиллари ва фаол фуқаролар ҳамкорлигида изчил ишлар амалга оширилмоқда. Жамиятда қонун устуворлигини таъминлаш, адолат ва шаффофликни қарор топтириш, ҳар бир фуқаронинг ҳуқуқларини кафолатлаш — бугунги куннинг асосий вазифасидир. Ушбу йўналишдаги ишлар узлуксиз давом эттирилиб, Термиз туманини ҳуқуқий, барқарор ва адолатли ҳудудга айлантириш мақсад қилиб қўйилган.
