Замонавий шароитларда психофаол моддаларнинг савдоси схемаси
2026-04-17 17:50:00 / Янгиликлар

Ахборот технологиялари ривожланиши билан биргаликда жиноятларни амалга ошириш усул ва воситалари ҳам замонга мослашиб, янги босқичга ўтиб бормоқда. Сўнгги вақтларда психофаол моддаларни Интернет тармоқлари орқали реклама қилиш ҳамда “савдоси”ни йўлга қўйиш авж олмоқда. “Инстаграм”, “Телеграмм” ва бошқа мессенжерларда очилган каналларнинг ҳар бирида ўртача икки мингдан ўн минггача обуначилар мавжуд бўлиб, улар узлуксиз равишда психофаол моддаларнинг ноқонуний савдоси билан шуғулланиб келмоқда.
Мазкур канал ва гуруҳларда анъанавий ва синтетик гиёҳвандлик воситалари, кучли таъсир қилувчи дорилар, уларнинг нархлари, тўлов усуллари ва реквизитлари ҳамда сотиш механизмлари тўғрисида барча маълумотлар келтириб ўтилган. Бунда истеъмолчи “товар” (закладка) учун олдиндан тўловни амалга ошириши талаб қилинади. Тўловлар асосан Bitcoin, Litecoin, Ethereum криптовалюталарида амалга оширилмоқда.
Шунингдек, психофаол моддаларни суиистеъмол қилувчи шахслар томонидан фикр-мулоҳазалар учун ҳам алоҳида каналлар ташкил қилинган. Бундай каналларда истеъмолчиларнинг товар сифати тўғрисидаги фикрлари жойлаштириб борилади ва бошқа масалалар муҳокама этилади.
Айрим йирик сотувчилар ўзларининг бренд номларини шакллантириб, ижтимоий тармоқларда канал ва гуруҳларни очиб, реклама тизимини ҳам кенг йўлга қўйган (қонунчиликда психофаол моддалар рекламасига жавобгарлик белгиланган).
Оғуфурушлар ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимларининг қўлига тушмаслик учун бир қанча “махфийлик” чораларини кучайтиришга ҳаракат қилиб келишмоқда. Иерархиянинг энг юқорисида “ташкилотчи” туради. У гиёҳвандлик воситалари, психотроп ва кучли таъсир қилувчи дори воситаларини топиш ва республика ҳудудига олиб кириш ҳамда сотувчиларга тақсимлаш билан шуғулланади.
Сўнгги вақтларда мамлакатимиз ҳудудида ноқонуний нарколабораториялар фаолияти ҳам кузатилмоқда.
Ташкилотчи психофаол моддаларни маълум қисмларга ажратиб, операторларга (мижозлар билан ишловчи шахс) ёки психофаол моддаларни тақсимловчи шахсларга (складмен) тақсимлайди. Улар одатда психофаол моддани 0,25 граммдан 5 граммгача миқдорда бўлиб қадоқлайди. Қадоқлаш учун одатда скотч, изолента, пакетчалардан фойдаланади. Бу ўринда оператор асосий боғловчи вазифасини бажаради. Оператор Интернет орқали психофаол моддани ташувчи шахсларни (закладчик) ва уларни истеъмол қилувчи шахсларни топади ва фаолиятини назорат қилиб боради.
Психофаол моддаларни ташувчи шахс (закладчик) қадоқланган моддаларни ташландиқ иншоотларга, аҳоли кам юрадиган ва беркитиш учун қулай бўлган жойларга, аҳоли гавжум жойларда эса, ўриндиқларнинг остки қисмига яшириб кетади. Психофаол моддаларни яширган жойини (закладка) сурати ва геолокациясини олиб, истеъмолчилар билан ишловчи операторга юборади. Оператор ушбу маълумотларни “мижозлар”га юборади. “Мижоз” эса, орадан вақт ўтгандан сўнг ушбу психофаол моддалар яширилган жойдан олиб кетади.
Психофаол моддаларнинг ноқонуний савдосида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар назарига тушувчи асосий қатлам мазкур моддаларни ташувчилар (закладчиклар) ва мижозлар ҳисобланади. Охирги вақтларда катта пул ваъда қилиш орқали талабаларни “закладчик” сифатида ёллаш ҳолатлари ортиб бормоқда. Шу сабабдан талабалар томонидан психофаол моддаларни ноқонуний ташиш ва сотиш ҳолатлари билан боғлиқ жиноятлар сони ортган.
Оператор турли гуруҳларда “енгил ишлар бор”, “уйда ўтириб даромад топиш”, “ойига 30 миллионлик даромад”, “талабалар учун иш”, “ўқишдан ажралмаган ҳолда иш” каби рекламалар тарқатиб, иш излаётган, пулга муҳтож талабаларни топади ва “закладчик” сифатида жиноий фаолиятга жалб қилади. Ишга жойлаш баҳонасида ташувчининг шахсини тасдиқловчи маълумотларни олади. Бу билан ташувчига ишончни мустаҳкамлаш ва олинган “товар”ни ўзлаштириб юборишини олди олинади. Шунингдек, жиноий гуруҳда “жазолаш гуруҳи” ҳам мавжуд бўлиб, агар ташувчи олинган “товар”ларни ўзлаштириб юборган тақдирда жисмоний босим ўтказиш учун юборилади.
Шунингдек, айрим суиистеъмол қилувчилардан ҳам ташувчи сифатида фойдаланилади. Улар ойлик ўрнига “товар”дан ўз улушларини олади (масалан, 10 та тарқатмадан биттасини ўзига олади).
Наркосавдо жиноий уюшмаси ташкилотчини кўрмасдан фаолиятини амалга оширади. Кўп ҳолларда ташувчилар (закладчик) ташкилотчининг исмини ҳам билмайди. Ҳамма алоқа Интернет тармоқларидаги аноним профиллар орқали амалга оширилиб, иш ҳақи ҳеч қандай учрашувларсиз, электрон ҳамёнлар орқали (кўпинча криптовалютада) тўланади.
ФИБ Термиз Туманлараро судининг судьяси Б.У.Санаев
