Термиз тумани Ички ишлар бўлими бошлиғи Содиқ Чориевнинг мурожаати
2026-04-03 09:40:00 / Раҳбариятнинг баёнотлари ва нутқлари

Ассалому алайкум,
Азиз воҳадошлар!
Бугунги кунда мамлакатимизда Муҳтарам Президентимиз раҳбарлигида олиб борилаётган оқилона сиёсат натижасида – аввало инсон қадри улуғланиб, фуқароларининг конституциявий ҳуқуқ ва эркинликлари ҳимоя қилинмоқда.
Эндиликда ходимларнинг кунлик фаолияти «Халқ манфаатларига хизмат қилиш» тамойили асосида, жиноят оқибати билан курашиш эмас, уларнинг келтириб чиқарган туб сабабларни бартараф этишга қаратилади ва ҳудудларда “Хавфсиз хонадон” ва “Хавфсиз ҳовли” тизими асосида хизмат давом эттирилади.
Қадрли юртдошлар,
Муҳтарам Президентимизнинг таъбири билан айтганда – Маҳалла – тинчлик ва осойишталик пойдевори, аҳиллик ва ҳамжиҳатлик, маърифат ва тарбия қўрғонидир.
Бу эса аҳолини ҳар қандай таҳдидлардан кафолатли ҳимоя қилиш ҳамда аҳоли орасида ижтимоий-маънавий муҳитни соғломлаштиришга қаратилган ижтимоий-профилактик тадбирларга барчамиз бирдек масъуллигимизни белгилаб берди.
Жумладан, “Обод ва хавфсиз маҳалла” тамойили асосида ҳудудий профилактика инспекторлари томонидан алоҳида эътибор қаратишимиз лозим бўлган ёҳуд ҳуқуқбузарликдан жабрланиш эҳтимоли юқори бўлган шахсларга берилган хулосаларга асосан муаммолар ўз вақтида бартараф этилмоқда.
Маҳаллаларни жиноятдан ҳоли ҳудудга айлантириш ва жиноятчиликни “маҳаллабай” жиловлаш асосида олиб борилган комплекс профилактик чора-тадбирлар натижасида маҳаллаларнинг 26 тасида яъни 80,0 фоизида бирорта ҳам жиноят содир этилмади.
Содир этилган жиноятларнинг 100 фоизи “Иссиқ изи”дан фош этилди;
Айниқса, олди олиниши лозим бўлган жиноят турларидан қасддан баданга ўртача оғир шикаст етказиш, енгил тан жарохат етказиш, ўғирлик, фирибгарлик ва вояга етмаган фарзандларини моддий таъминлашдан бўйин товлаш жиноятлари камайишга эришилди.
Мулкни қасдан нобуд қилиш, жиноий уюшма ташкил қилиш, хокимят ва мансаб доирасидан четга чиқиш, Ёлғон гувохлик бериш, Ёлғон хабар бериш, гёхвандлик моддаларни истимол қилишга жалб қилиш, номусга тегиш, босқинчилик, талончилик ва фирибгарлик жиноятлари содир этилмади.
Ўтган давр мобайнида, амалга оширилган тезкор-қидирув тадбирлар натижасида:
– 2 нафар қидирувдаги шахслар ушланиб, қонун устувор, жазо муқаррарлиги таъминланди;
– қанчадан-қанча одамларнинг ҳаётига зомин бўлаётган 10 та ҳолатда гиёҳвандлик моддасининг ноқонуний муомаласига чек қўйилди ва тегишли тартибда ҳужжатлаштирилди.
– жамоат жойларида бемақсад юрган шахслардан 66 та совуқ қуроллар олинди;
– ўтказилган текширувлар натижасида фуқаролардан 2 та ўқ-отар ва пневматик қуроллар олиб қўйилди.
Бундан ташқари, турли мудҳиш жиноятларга сабаб бўлиши мумкин бўлган ҳуқуқбузарликларни содир этганлиги учун 1300 та шахслар маъмурий жавобгарликка тортилди.
– 10 нафар спиртли ичимликка ружу қўйган, 2 нафар гиёҳванд ва 11 нафар руҳий касаллар даволаниш муассасаларига жойлаштирилди;
– қаровсиз қолган 15 нафар болалар вояга етмаганларга ижтимоий-ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш марказига жойлаштирилди.
Белгилаган тизим асосида ишлашга ўтганимиз натижасида, ҳар иккинчи жиноят ходимларнинг ташаббуси билан аниқланди.
Лекин, бу билан ортиқча хотиржамликка берилмасдан, ҳар биримиздан доимо огоҳ ва сергак бўлишни, вазиятни тўғри баҳолашни, ҳар қандай ҳолатда ҳам беэътибор бўлмасдан хизмат олиб боришни талаб этади.
Шу ўринда, фуқароларимиздан доимо ҳушёр бўлишларини, хонадон, уй ҳайвонлари ва бошқа кўринишдаги мол-мулклари қаровсиз ва очиқ қолдирмасликларини, ҳар қандай шубҳали шахслар найрангларига учмасликни ва албатта шахсий хавфсизлигига эътиборли бўлишларини сўраб қолардим.
Азиз дўстлар.
Ҳозирги глобал замонда техника асри шиддат билан ривожланиб бормоқда. Бу эса ҳар қандай соҳа ва фаолиятнинг мос равишда такомиллашиб боришига сабаб бўлади.
Бундай ўзгаришлар ички ишлар органлари тизимида ҳам амалга оширилиб, у ҳоҳ реал, ҳоҳ виртуал ҳаётда бўлсин, аввало фуқароларимизнинг ҳақ-ҳуқуқлари ва уларнинг мол-мулклари дахлсизлигини ҳар қандай таҳдиддан ҳимоя қилиш учун барча имкониятлар сафарбар этилмоқда.
Сўнгги йилларда, кибер макондан ғараз мақсадларда фойдаланаётган шахслар сони ортиб бораётганлиги ва кўплаб фуқароларимиз уларнинг жиноий “тузоқларига” тушиб қолаётганлиги айни ҳақиқат.
Ҳўш, ҳар бир фуқаро бундай вазиятда ўзини ҳимоя қилишнинг қандай йўлларини билиши лозим?
Биринчидан, банк карталарингизга оид маълумотларни ҳеч кимга бермасдан, айниқса СМС орқали келган кодларни, ҳатто ўзини банк ёки компания ходими сифатида таништирган тақдирда ҳам бермаслиги.
Иккинчидан, интернет рекламасига ишонишдан ҳамда турли лотереяларда иштирок этишдан аввал ушбу сайт ҳақиқий эканлигига ишонч ҳосил қилиш, нима бўлганда ҳам шахсий маълумотларингизни бегоналарга тақдим этмаслигингиз.
Учинчидан, ижтимоий тармоқлар орқали “сиз пул ютуғи ютдингиз”, “Сизга ҳукумат томонидан моддий ёрдам ажратилди”, “Ютуқли лотереяда иштирок этиш имкониятига эга бўлдингиз” ва бошқа шулар каби турли шубҳали ҳаволаларга киришга ундашларга асло ишонманг.
Тўртинчидан, суҳбатдошингиз ишончли туюлиб, сизга катта фойда ваъда қилса ҳам, бегоналарга ҳеч қандай пул маблағларини ўтказманг, уларга ишонманг, ўзингизни ва яқинларингизни фирибгарлардан сақланг.
Бундай “уддабурон”ларга қарши курашиш ва уларни ўз вақтида фош этиш мақсадида вилоят Ички ишлар бошқармасида фаолият кўрсатаётган Кибер хавфсизлик бўлими мутахассислари томонидан кескин кураш олиб борилмоқда.
Қадрли воҳадошлар
Келгусида криминоген вазиятни барқарорлаштириш, жиноят ҳуқуқбузарликларни барвақт олдини олиш ва маҳаллаларда хавфсиз муҳитни яратиш мақсадида вилоят Ички ишлар бошқармаси томонидан тегишли идоралар ва кенг жамоатчилик билан ҳамкорликда қуйидаги тадбирларни амалга оширишни белгилаб олдик.
Жумладан, Давлатимиз раҳбарининг куни кеча қабул қилинган алоҳида қарорлари асосида туманнинг барча маҳаллаларида хавфсиз муҳитни яратиш ва ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш борасида манзилли тадбирлар белгиланиб, кунлик сўров ва назорат тизими янада кучайтирилади;
Бу борада ҳуқуқ-тартибот органлари ҳамда кенг жамоатчилик билан ҳамкорликда, барча саъй-ҳаракатлар самарали мувофиқлаштириб борилади;
Бунда ҳуқуқбузарлик ва жиноятга сабаб бўлаётган оилавий, ижтимоий, моддий ва психологик муаммоларни ҳал қилишга, ҳар бир фуқарода жиноят ва коррупцияга қарши муросасизликни шакллантиришга алоҳида эътибор қаратилади;
Туман ҳудудида жиноятларнинг барвақт олдини олиш бўйича бир қатор янги иш услублари амалиётга татбиқ этилади:
– ҳар бир ҳудуднинг ўзига хос хусусиятларини инобатга олган ҳолда жиноятчиликни камайтириш бўйича манзилли чора-тадбирлар ишлаб чиқилиб, уларнинг ижроси қатъий равишда таъминланади;
– жиноятчилик аҳволи туманда чуқур таҳлил қилиниб, муаммоли масалалар ва таклифлар Халқ депутатлари вилоят ва туман Кенгашига тақдим этилади;
Амалга оширилиши лозим бўлган чора-тадбирлар Дастури ва Йўл харитаси ишлаб чиқилади уларнинг ижроси назоратга олинади;
“Ижтимоий профилактика” тамойили асосида ёрдамга муҳтож, оғир аҳволдаги, айниқса вояга етмаган, ёшлар ва аёлларга ваколатли давлат органлари бириктирилади;
Шунингдек, ҳозирги кунда туман ҳудудида жиноят ва ҳуқуқбузарликларни барвақт олдини олиш ва унга қарши курашиш ҳамда маҳалларни жиноятдан ҳоли ҳудудга айлантириш мақсадида — “Долзарб бир ойлик” тезкор профилактик ойлиги ўтказилиб, жиноят ва ҳуқуқбузарликларнинг олди олинмоқда.
Ҳурматли воҳадошлар,
Ҳар биримиз, Тинчлик – бебаҳо неъматлигини ҳис этиб, ватанимиз мустақиллиги ва халқимиз тинчлигини кўз қорачиғидек сақлашимиз лозим.
Албатта, мамлакатимизда жиноятчилик ва коррупциянинг олдини олишда, умуман барча соҳаларда қонунийликни таъминлашда Сизнинг ҳамжиҳатлигингиз ва кўмагингизга таянамиз.
Бугун ички ишлар органлари томонидан амалга оширилаётган барча саъй-ҳаракатлар – маҳалларда хавфсиз муҳитни яратиш, халқимизнинг мушкулини осон қилиш, турмуш даражасини яхшилаш ҳамда жамоат хавфсизлиги маданиятини шакллантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Қонунларга қатъий риоя этиш, ўзгалар ҳуқуқи, шаъни ва қадр-қимматини, мол-мулки дахлсизлигини ҳурмат қилиш ҳам қонуний, ҳам инсоний бурчимиз эканини доимо ёдда тутишимиз зарур бўлади.
Эътиборингиз учун раҳмат.
