“Янги Ўзбекистонда гендер тенглиги”
2026-03-13 10:30:00 / Янгиликлар

Маълумки, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 2015 йилнинг сентябрида Барқаро ривожланиш бўйича ўтказилган саммитида қабул қилинган 70-сон резолюциясига мувофиқ, шунингдек 2030 йилгача бўлган даврда БМТ Глобал кун тартибининг Барқарор ривожланиш мақсадларини изчил амалга ошириш бўйича тизимли ишларни ташкил этиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси “2030 йилгача бўлган даврда барқарор ривожланиш соҳасидаги миллий мақсад ва вазифаларни амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида” қарор қабул қилди.
Шу билан бирга, Ўзбекистон Барқарор ривожланишнинг Бешинчи мақсадини амалга ошириш доирасида “Гендер тенгликни таъминлаш ҳамда барча хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва имкониятларини кенгайтириш”га оид 9 та вазифани ишлаб чиқди.
Бешинчи мақсаддаги вазифаларига (Гендер тенглик) мувофиқ, 2030 йилга келиб барча хотин-қизларга нисбатан камситишларнинг ҳар қандай шаклига барҳам бериш, сиёсий, иқтисодий ва ижтимоий ҳаётда қарорлар қабул қилишнинг барча даражаларида аёлларнинг тўлиқ ва самарали иштирокини ва етакчилик қилиш учун тенг имкониятларни таъминлаш зарур. Бундан ташқари, ушбу мақсад давлатнинг турли даражаларида Давлат дастурларини қабул қилиш жараёнида гендер тенглик тамойилларини жой қилишни ўз ичига олади.
Сўнгги йилларда гендер тенгликни таъминлаш, аёлларнинг ижтимоий ва сиёсий ҳаётдаги ролини ошириш бўйича ишлар бир неча йўналишлар бўйича олиб борилаётганлиги ушбу соҳага ҳукуматимиз томонидан алоҳида эътибор қаратилаётганлигидан далолат беради. Хусусан:
- аёллар ҳуқуқлари тўғрисидаги қонунчиликни такомиллаштириш;
- аёлларни ҳимоя қилишнинг институционал асосларини такомиллаштириш;
- аҳолининг гендер тенглик ва аёллар ҳуқуқлари тўғрисидаги хабардорлигини ошириш;
- ҳуқуқни қўллаш амалиётида уларга риоя этилишини таъминлаш учун масъул мансабдор шахсларни тегишли ҳуқуқий меъёрлар асосида ўқитиш.
Ўзбекистонда бир қатор қонун ҳужжатлари, жумладан давлатимиз раҳбарининг хотин-қизлар ҳуқуқларини таъминлаш, хусусан гендер тенглиги ва аёлларни зўравонлик ва зулмдан ҳимоя қилиш, аёллар тадбиркорлигини ривожлантириш мақомини кучайтириш тўғрисидаги фармон ва қарорлари қабул қилинди.
Гендер тенглигини жорий қилиш нуқтаи назаридан биргина таълим соҳасидаги ижобий силжишларни алоҳида таъкидлаш жоиз. Яъни, 2017 йилдан бошлаб аксарият олий ўқув юртларида турли мутахассисликлар бўйича сиртқи бўлимлар фаолияти тикланди. Таълимнинг ушбу шакли ёш аёлларга болаларни парвариш қилиш ва бошқа оилавий мажбуриятларни бажаришга ҳалал қилмасдан олий маълумот олиш имконини яратди.
Зеро, мухтарам юртбошимиз Ш.Мирзиёевнинг Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатидаги 2019 йил июнь ойида сўзлаган нутқида: “Мени кишиларимизнинг онгида пайдо бўлган стереотип кўп ўйлантиради. Одатда биз аёлни авваламбор она, оила қўрғонининг қўриқчиси сифатида ҳурмат қиламиз. Бу шубҳасиз, тўғри. Аммо бугун ҳар бир аёл оддий кузатувчи эмас, балки мамлакатда амалга оширилаётган демократик ўзгаришларнинг фаол ва ташаббускор иштирокчиси ҳам бўлиши керак”лигини таъкидлаган эдилар. Ва айнан шу куни мамлакатимиз тарихида илк бор Сенат раислигига аёл киши – Т.Норбоева сайланди. Маълумки, ушбу кунгача Т.Норбоева Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари, Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси раиси бўлиб ишлаган.
Шунингдек, мазкур соҳадаги қонунчилик чораларига тўхталадиган бўлсак, Ўзбекистонда хотин-қизлар ҳуқуқларини таъминлаш ва ҳимоя қилишнинг ҳуқуқий асосларини янада такомиллаштириш мақсадида 2019 йил сентябрь ойида “Хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятлар кафолатлари тўғрисида”ги ҳамда “Хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонунлар қабул қилинди. БМТнинг деярли барча агентликлари, жумладан БМТ Тараққиёт Дастури, БМТ Аҳолишунослик жамғармаси (ЮНФПА), БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари бошқармаси, БМТнинг Наркотик моддалар ва жиноят бошқармаси, Халқаро миграция ташкилоти ушбу икки қонун бўйича ўз изоҳ ва таклифларини беришган.
Таъкидлаш лозимки, қабул қилинаётган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ва амалдаги чора-тадбирлар Ўзбекистоннинг гендер сиёсати соҳасидаги муҳим қадамидир ва у қонунчилик ҳамда амалиётнинг халқаро меъёр ва стандартларига тўлиқ мос келади, шу билан бирга уларнинг маълум қисми БМТнинг инсон ҳуқуқлари бўйича идоралари тавсияларига асосланган.
Айниқса, “Хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Қонуннинг қабул қилиниши муҳим аҳамият касб этди. Ушбу Қонун кўп йиллик муҳокамалардан сўнг қабул қилинди. Қонун оиладаги зўравонлик қурбонларига ёрдам бериш, уларга бошпаналар ажратиш, ишонч телефонлари ва нафақат жисмоний зўравонлик, психологик ёки иқтисодий жиноятлар бўйича мажбурий жавобгарликка тортиш орқали аёлларни ҳимоя қилиш учун асосдир. Бундай чоралар, хусусан БМТнинг инсон ҳуқуқлари бўйича идоралари томонидан узоқ вақт давомида тавсия қилиб келинган.
Гендер сиёсатининг мониторинги ва самарадорлигини баҳолаш соҳасида www.gender.stat.uz сайтида қўшимча 54 та гендер кўрсаткичларини киритиш орқали муҳим ўзгаришлар рўй берди. Шу билан бирга, ушбу йўналишда давомий изчил ишларни амалга ошириш талаб этилади. Бу ерда нафақат қабул қилинган кўрсатмалар, балки уларнинг халқаро мажбурият ва стандартларга мувофиқлиги, жойларда ўз вақтида ва аниқ бажарилиши ҳам муҳим аҳамиятга эга.
Шу маънода, сиёсий, иқтисодий ва ижтимоий ҳаётда қарорлар қабул қилишнинг барча даражаларида аёлларнинг тўлиқ ва самарали иштирокини таъминлаш бўйича ишларни изчил давом эттириш ҳаётий заруратга айланмоғи лозим.
Термиз туманлараро иқтисодий судининг судьяси Ботиржон Абдуллаев
