Ат-Термизий маҳалласида амалга оширилаётган инфратузилма лойиҳалари ижроси ўрганилди
2026-01-08 13:25:00 / Янгиликлар

Хабар берилганидек, Термиз туманидаги 5 та маҳаллада Иқтисодиёт ва молия вазирлиги, Ислом тараққиёт банки ҳамда БМТТД ҳамкорлигида "Қишлоқ жойларни комплекс ривожлантириш" дастурининг иккинчи босқичи доирасида 6,3 миллион долларлик инфратузилма лойиҳалари амалга оширилиши режалаштирилган.
Бугун Термиз тумани ҳокими Шухрат Қаландаров Ат-Термизий маҳалласида мазкур дастур доирасида ичимлик суви тармоғи тортиш, саломатлик ва ижтимоий йўлак қуриш лойиҳаларининг ижросини ўрганди. Хусусан, маҳаллада 1 километр саломатлик ва ижтимоий йўлак, 52 та тунги ёритиш чироқлари, 32 километр ичимлик суви тармоқлари тортиш ишлари амалга оширилмоқда.
Туман раҳбари лойиҳалар ижрочилари, масъуллар ва "маҳалла еттилиги" аъзолари билан маҳалланинг асосий кўчаси бўйлаб қурилиш-таъмирлаш ишларини кўздан кечирди. Лойиҳаларни амалга ошириш билан боғлиқ муаммолар жойида ўрганилиб, ечими юзасидан масъулларга вазифалар белгилаб берилди.
Лойиҳаларни тизимли ва босқичма-босқич амалга оширган ҳолда келгусида аҳоли учун қулай, тармоқларга хизмат кўрсатишда бир-бирига халақит қилмайдиган йўналишларда қуриш лозимлиги қайд этилди.









