Коррупция — тараққиётга таҳдид солувчи ижтимоий иллат
2025-12-18 14:30:00 / Янгиликлар

Коррупция бу — жамиятда адолат, қонун устуворлиги ва ҳалоллик тамойилларига қарши қаратилган хавфли ижтимоий иллатдир. У асосан мансабдор шахсларнинг ўз хизмат ваколатларидан шахсий манфаатлар йўлида фойдаланиши, пора олиш ёки бериш, хизмат мавқеини суиистеъмол қилиш каби ҳолатларда намоён бўлади.
Коррупция давлат бошқаруви тизимига жиддий зарар етказади. У қарорлар қабул қилишда холисликнинг йўқолишига, давлат ресурсларининг нотўғри тақсимланишига сабаб бўлади. Натижада аҳолининг давлат органларига бўлган ишончи пасаяди, жамиятда қонунга нисбатан ҳурмат сусаяди.
Иқтисодий жиҳатдан олганда, коррупция инвестицияларни жалб этишга тўсқинлик қилади, соғлом рақобат муҳитини бузади ва тадбиркорлик ривожига салбий таъсир кўрсатади. Айниқса, ёшлар орасида адолатга ишончнинг сусайиши келажак тараққиёти учун жиддий хавф ҳисобланади.
Шу боис Ўзбекистон Республикасида коррупцияга қарши кураш давлат сиёсатининг устувор йўналиши сифатида белгиланган. Давлат органлари фаолиятида очиқлик ва шаффофликни таъминлаш, электрон давлат хизматларини жорий этиш, жамоатчилик ва оммавий ахборот воситалари ролини кучайтириш орқали ушбу иллатга қарши қатъий чоралар кўрилмоқда.
Коррупцияга қарши курашда фақат қонунлар билан чекланиб қолмасдан, жамиятда ҳуқуқий онг ва маданиятни юксалтириш ҳам муҳим аҳамият касб этади. Ҳалол меҳнат, виждон ва адолатни ҳаёт меъёрига айлантириш орқалигина ушбу иллатнинг олдини олиш мумкин.
Хулоса қилиб айтганда, коррупцияга қарши кураш — бу барчамизнинг умумий вазифамиздир. Ҳар бир фуқаро ўз фаолиятида ҳалолликни устувор қиймат сифатида қабул қилса, жамиятимизда соф, очиқ ва адолатли муҳит қарор топади.
Термиз туманлараро маьмурий суди судьяси Н.Ж.Шарипова
