Термиз туман прокурори Ёдгор Бозоров Ашуровичнинг ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жиноятчиликнинг олдини олиш бўйича туман аҳолисига МУРОЖААТИ
2025-12-16 14:45:00 / Раҳбариятнинг баёнотлари ва нутқлари

Ҳурматли Термиз туман аҳолиси!
Бугунги кунда юртимизда қонун устуворлигини таъминлаш, фуқаролар хавфсизлигини кафолатлаш ва жиноятчиликнинг олдини олиш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.
Шу билан бирга, ҳар биримиз ҳушёрлик ва огоҳликни йўқотмаслигимиз зарур. Аҳоли орасида содир бўлаётган фирибгарлик ва ўғирлик жиноятлари ёшлар ва аёллар томонидан содир этилаётганлиги жуда салбий ҳолатдир.
Шу боис, Сиз азизлардан қуйидагиларга жиддий эътибор қаратишингизни сўраймиз:
Пиёда ёки автомобиль бошқарувида бўлсангиз йўл ҳаракати қоидаларига амал қилинг;
Номаълум шахсларга шахсий маълумотларингизни асло берманг улар фирибгар бўлиши мумкин (паспорт, карта рақам маълумотлари ва ҳ.к);
ўзларингизга тегишли бўлган чорва молларингизни тунги вақтларда дала четларида қаровсиз қолдирманг;
Уйингиз хавфсизлигини таъминлаш чораларини кўринг;
Фарзандларингиз тарбиясига жиддий эътибор қаратинг, уларнинг кимлар билан дўстлашаётганини назорат қилинг;
Ҳар қандай ҳуқуқбузарлик ҳолатига гувоҳ бўлсангиз, дарҳол ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга мурожаат қилинг.
Ҳурматли тумандошлар!
Жиноятчиликнинг олдини олишда ҳар биримиз ҳушёрликни оширишимиз, ўзимизга тегишли бўлган мол-мулкларни қаровсиз қолдирмаслик, интернет тармоқларидан мақсадли ва оқилона фойдаланиш, турли нотаниш шахсларга ҳисоб рақамлар ва тасдиқлаш кодларини бермаслик ҳақида яна бир бор огоҳлантириб ўтмоқчиман.
Ҳар биримиз қонун билан белгиланган қоидаларга сўзсиз риоя этишимиз, ўзгаларнинг шахсий ҳуқуқларини ҳурмат қилишимиз, оила мустаҳкамлиги, фарзанд тарбияси каби масъулиятли бурчимизни сидқидилдан бажаришимиз ҳам қонуний, ҳам инсоний бурчимиз эканини доимо ёдда тутишимиз зарур.
Қадрли туманимиз аҳли!
Бугунги замонда ҳушёр бўлиш – ҳимоянинг энг кучли қуролидир. Ҳар қандай «текин пул», «инвестиция», «ютуқ» деган гаплар ортида фирибгар туриши мумкин.
Шу сабаб, ҳар қандай шубҳали таклифларга йўл қўйманг, ўзингиз ва яқинларингизни огоҳлантиринг.
Унутманг, жиноятнинг олдини олиш – ҳар бир фуқаронинг бурчи! Тинч ва осойишта ҳаётимизни асраш ўз қўлимизда!
