Иқлим ўзгариши инсон ҳаётининг ўзгаришига олиб келади
2025-11-19 09:50:00 / Янгиликлар

Бизни ўраб турган атроф муҳит ягона тизимга бирлашган бўлиб, иқлимнинг табиий жараёнлари мамлакатлар чегараларини ўзгартира олмаса-да, инсонларнинг ҳаётига ва яшаш тарзига жиддий таъсир қила олади.
Янги асрда бутун дунё бўйлаб иқлим ўзгаришлари тезлашиб, унинг айрим омиллари инсоният ривожланишини секинлаштириб, баъзи ҳолларда одамлар ҳаёти учун яроқсиз бўлган маконларнинг кенгайишига олиб келмоқда.
Хусусан, ўзимиз яшаб турган Марказий Осиё ҳудудида ҳам табиий иқлим ўзгаришлари натижасида ҳаво ҳароратининг кескин кўтарилиши, қурғоқчилик каби ноодатий жараёнлар тез-тез такрорланиб бормоқда. Бундай ўзгаришларнинг оқибатида ўсимлик ва ҳайвонларнинг табиий маконларини қисқариши, айрим турларининг йўқолиб кетиши ҳолатлари кузатилмоқда.
Шунинг учун кейинги даврда мамлакат даражасида иқлим ўзгаришларига жиддий эътибор қаратилмоқда. Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 16 октябрдаги 648-сон қарори билан Ўзбекистон Республикаси Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги ҳузурида давлат муассасаси шаклида Чиқиндиларни бошқариш ва циркуляр иқтисодиётни ривожлантириш агентлиги ташкил этилиб, унинг Низоми тасдиқланди.
Ушбу Низомга кўра республикада маиший, қурилиш, суюқ, заҳарли-кимёвий, тиббиёт ва электрон чиқиндиларни бошқариш соҳасини такомиллаштириш, шунингдек, уларни қайта ишлаш ва утилизатсия қилишнинг замонавий усулларини татбиқ қилиш ҳамда «нол чиқинди» тамойилини жорий этишга қаратилган чора-тадбирларни амалга ошириш Ўзбекистон Республикаси Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги ҳузурида давлат муассасаси шаклида Чиқиндиларни бошқариш ва циркуляр иқтисодиётни ривожлантириш агентлигининг асосий вазифаларидан бири этиб белгиланди.
Мазкур Ҳукумат қарори билан Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 2 октябрдаги 787-сон қарори билан тасдиқланган “Санитария жиҳатидан тозалаш инфратузилмаси обектларини жойлаштириш ва улардан фойдаланиш ҳамда маиший чиқиндилар билан боғлиқ ишларни амалга ошириш Қоидалари”га ҳам ўзгартиришлар киритилди.
Ушбу ўзгартиришларга кўра маиший чиқиндиларни тўплаш ва олиб чиқиб кетиш хизматларини кўрсатиш ҳақидаги шартнома (битим) томонлар келишуви ёки суд қарори асосида бекор қилинган, унинг амал қилиш муддати тугаган, хизмат кўрсатувчи ташкилотнинг тўловга қобилиятсизлиги ёки фаолияти тўхтатилган ҳолларда, хизмат кўрсатувчи ташкилотга бириктириб берилган ҳудуд давлат-хусусий шериклик асосида бошқа хизмат кўрсатувчи ташкилотга бириктирилгунга қадар Агентликнинг таклифига мувофиқ Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимликлари томонидан вақтинча хизмат кўрсатиш шартномаси орқали хизмат кўрсатувчи хусусий ташкилотга ёки номуайян муддатга хизмат кўрсатувчи давлат ташкилотига тўғридан-тўғри бириктириб берилишига йўл қўйилади.
Бунда фаолияти давомида алоҳида кўчмас мулкдан фойдаланадиган юридик шахслар ва якка тартибдаги тадбиркорлар мазкур кўчмас мулк жойлашган ҳудудга бириктирилган хизмат кўрсатувчи ташкилот билан ушбу Қоидаларнинг 21-бобида белгиланган тартибда қаттиқ маиший чиқиндиларни тўплаш ва олиб чиқиб кетиш бўйича шартнома тузади.
Хулоса қилиб айтганда экология инсон тақдирига – ҳаёт тарзи ва ривожланишига доимий боғлиқ бўлган муҳим омил ҳисобланади.
Демак, аждодларимизнинг хоки ётган ушбу муқаддас макондан оқилона фойдаланиш, асраб авайлаш, уни ифлослантирмасдан яроқли ҳолатда келажак авлодларга қолдириш ҳар биримизнинг бурчимиз эканлигини унутмаслик зарур.
Термиз туманлараро иқтисодий судининг судяси Ж.Очилов
