Медиатив келишув – низоларни ҳал этишнинг муқобил усули
2025-11-18 14:50:00 / Янгиликлар

Сир эмаски, кейинги йилларда мамлакатимизда ҳуқуқни ҳимоя қилиш, жисмоний ва юридик шахсларнинг вақт ва маблағини тежаш, ортиқча кераксиз қоғозбозликларнинг олдини олиш, низоларни тарафларнинг ярашувига асосан тинч йўл билан ҳал этишга қаратилган ҳуқуқ институтлари, хусусан медиация институти кенг қўлланилиб келинмоқда.
Мамлакатимизда медиация институти 01.01.2019 йилдан Ўзбекистон Республикаси “Медиация тўғрисида”ги Қонуни кучга кирган санадан қўлланилиб келинаётганлиги боис, замонавий ҳуқуқий тушунча сифатида нисбатан янги бўлганлигини инобатга олиб, аввало, “медиация” сўзининг луғавий маъносига тўхталсак. Хусусан, ушбу сўз лотинча “медиаре” сўзидан олинган бўлиб, “ҳакамлик қилиш, келиштириш мақсадида аралашиш” деган маъноларни англатади. Медиация институти дастлаб ХХ асрнинг иккинчи ярмидан кейин, асосан АҚШ, Буюк Британия, Австралия каби давлатларда ривожлана бошлаган бўлиб, дастлаб ушбу институт оилавий низоларни ҳал этишда қўлланилган. Кейинчалик, низоларни ҳал этишнинг муқобил институти сифатида бошқа турдаги низолар, хусусан меҳнат, тижорат, оммавий ва бошқа низоларни ҳал қилишда эътирофга сазовор бўлган.
Эътироф этиш жоизки, бу борада давлатимиз раҳбарининг 17.06.2020 йилда қабул қилган “Низоларни муқобил ҳал этишнинг механизмларини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-4754-сонли Қарори янги босқични бошлаб берди.
Иқтисодий процессуал қонунчилигига “медиация” атамаси киритилиб, ишни судда кўришга тайёрлаш пайтида судья томонидан келишув битимини тузиш ёки низони ҳал этишнинг муқобил усулларини қўллаш эҳтимолини аниқлаши, уларнинг ҳуқуқий оқибатларини тушунтириши, шунингдек ҳуқуқий жамиятда низони ҳал этишнинг муқобил механизмлари яратилиши жисмоний ва юридик шахсларнинг бузилган ҳуқуқларини тиклашга эришишнинг самарали воситаси сифатида баҳоланади. Ҳуқуқни қўллаш амалиёти ва ижтимоий ҳаётда турли субъектларнинг манфаатлар тўқнашуви, баҳс-мунозаралар ва низолар келиб чиқиши табиий жараён. Низоларни ҳал этиш тизими уларни суд орқали ва муқобил усуллар билан ҳал қилишни ўз ичига олади.
Чунончи, Ўзбекистон Республикаси ИПКнинг 131-моддасида тарафлар низони муқобил усуллар билан, яъни келишув битимини ёки медиатив келишувни тузиб ҳал этиш мумкинлиги назарда тутилган. Бунда келишув битими ёки медиатив келишув даъво тартибидаги ҳар қандай иш бўйича тузилиши мумкин.
Ўзбекистон Республикаси “Медиация тўғрисида”ги Қонунининг
4-моддасига биноан, медиация – келиб чиққан низони тарафлар ўзаро мақбул қарорга эришиши учун уларнинг ихтиёрий розилиги асосида медиатор кўмагида ҳал этиш усули ҳисобланади.
Таъкидлаш лозимки, ИПКда назарда тутилган низоларни ҳал этишнинг иккита муқобил усулларининг бир-биридан фарқи, келишув битими иш юритишнинг ҳар қандай босқичида ва суд ҳужжати ижро этиш жараёнида тузилиши мумкин. Медиатив келишув эса биринчи инстанция судида суд алоҳида хонага якуни суд ҳужжатини қабул қилиш учун чиққунига қадар тузилади. Яъни, медиатив келишув ишнинг кейинги босқичлари (апелляция, кассация ва тафтиш инстанциялари)да тузилиши имконияти мавжуд эмас.
Медиатив келишувнинг яна бир фарқли жиҳати шундаки, қонунчиликка кўра келишув битими суд томонидан тасдиқланиши ва бу ҳақида ажрим чиқарилиши талаб этилса, медиатив келишув эса суд томонидан тасдиқланмасдан, ИПК 107-моддасининг 53-бандига асосан даъво аризасини кўрмасдан қолдиришга асос бўлади ҳамда даъвогар агар медиатив келишув ихтиёрий равишда ижро этилмаса, тегишли талаблар билан такроран судга мурожаат қитлиш ҳуқуқини сақлаб қолади. Шунга кўра, башарти низо бўйича тарафлар ўртасида келишув битими тузилиб, суд томонидан тасдиқланган ҳолларда ИПК 110-моддасининг 7-бандига асосан даъво аризаси бўйича иш юритиш тугатилади.
Шунингдек, Қонуннинг 3-моддасига мувофиқ, унинг амал қилиши фуқаролик ҳуқуқий муносабатлардан, агар қонунда бошқача қоида назарда тутилмаган бўлса, шу жумладан тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш муносабати билан, мижоз ва банк (кредит ташкилотлари) ўртасидаги муносабатлардан, суғурта шартномасидан юзага келадиган муносабатлардан келиб чиқадиган низоларга, меҳнат ва оилавий ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган низоларга медиацияни қўллаш билан боғлиқ муносабатларга нисбатан татбиқ этилади. Ушбу Қонуннинг амал қилиши медиацияда иштирок этмаётган учинчи шахсларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларига, жамоат манфаатларига дахл қиладиган ёки дахл қилиши мумкин бўлган низоларга нисбатан татбиқ этилмайди.
Масалан, давлат муассасаси судга даъво аризаси билан мурожаат қилиб, жавобгар масъулияти чекланган жамияти ҳисобидан 500 млн. сўм миқдоридаги етказилган зарарни ундиришни сўраган. Ишни кўриш давомида тарафлар ўртасида гўёки “медиатив келишув” тузилган бўлиб, жавобгар даъво аризасини кўрмасдан қолдиришни сўраб судга илтимоснома киритган. Ваҳоланки, даъвогарнинг судга мурожаат қилишига жавобгар томонидан давлатга 500 млн. сўм миқдорида зарар етказилганлиги сабаб бўлган. Мазкур ҳолатда, суд илтимосномани қаноатлантиришни рад этган ҳолда умумий тартибда иш юритишни давом эттиради.
Шу ўринда эслатиб ўтиш лозимки, Ўзбекистон Республикасининг 20.10.2025 йилдаги “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига низоларни муқобил ҳал этишда медиация институтини такомиллаштиришга қаратилган ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Қонунига биноан, “Медиация тўғрисида”ги Қонуни, ИПК ва бошқа қонун ҳужжатларига бир қатор ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди.
Ўзбекистон Республикаси ИПК 25-моддаси (ишларнинг судга тааллуқлилиги)нинг биринчи қисми “Медиатив келишувни мажбурий ижро этиш учун ижро варақаси бериш тўғрисидаги ишлар” деб номланган янги
42-банд билан тўлдирилди ва ўз навбатида, ушбу тўлдириш асносида ушбу тоифадаги ишларни юритиш деб номланган янги боб киритилди.
Хусусан, янги “Медиатив келишувни мажбурий ижро этиш учун ижро варақаси бериш тўғрисидаги ишларни юритиш” деб номланган 292-боб 23210-32314-моддаларни ўз ичига олган бўлиб, иқтисодий судлов соҳасида мазкур тоифадаги ишларни юритиш тартибини белгилаб беради.
Хусусан, ИПК 23210-моддасида медиатив келишувни мажбурий ижро этиш учун ижро варақаси беришнинг умумий қоидалари белгиланган бўлиб, унга кўра мазкур қоидалар медиатив келишув тузган тарафларнинг медиатив келишувни мажбурий ижро этиш учун ижро варақаси бериш тўғрисидаги аризалари иқтисодий суд томонидан кўриб чиқилаётганда қўлланилади.
Медиатив келишув тарафлар томонидан ихтиёрий равишда бажарилмаган тақдирда медиатив келишувни мажбурий ижро этиш учун ижро варақаси бериш тўғрисидаги иш медиатив келишув тузган манфаатдор тарафнинг аризасига биноан иқтисодий суд томонидан кўриб чиқилади.
Шунингдек, ИПК 23211-моддасида медиатив келишувни мажбурий ижро этиш учун ижро варақаси бериш тўғрисидаги аризанинг шакли ва мазмунига қўйиладиган бир қатор талаблар белгиланган. Масалан, медиатив келишувни мажбурий ижро этиш учун ижро варақаси бериш тўғрисидаги ариза ёзма шаклда ёки электрон ҳужжат тарзида берилиши, аризачи ёки унинг вакили томонидан имзоланиши лозим.
Бундан ташқари, ИПК 23212-моддасига кўра медиатив келишувни мажбурий ижро этиш учун ижро варақаси бериш тўғрисидаги аризани кўриб чиқиш тартиби белгиланган.
Медиатив келишувни мажбурий ижро этиш учун ижро варақаси бериш тўғрисидаги ариза ушбу Кодексда назарда тутилган қоидаларга биноан судья томонидан якка тартибда кўриб чиқилади.
Иқтисодий суд медиатив келишув тузган тарафларни суд мажлисининг вақти ва жойи тўғрисида хабардор қилади. Суд мажлисининг вақти ва жойи ҳақида тегишли тарзда хабардор қилинган мазкур шахсларнинг келмаганлиги ишни кўриб чиқиш учун тўсқинлик қилмайди.
Иқтисодий суд ишни суд мажлисида кўриб чиқаётганда медиатив келишувни мажбурий ижро этиш учун ижро варақаси беришни рад этиш учун ушбу Кодекснинг 23213-моддасида назарда тутилган асослар мавжудлигини ёки мавжуд эмаслигини билдирилган талаблар ва медиатив келишувда белгиланган мажбуриятлар тўлиқ бажарилганлигини ёхуд бажарилмаганлигини аниқлайди.
Иқтисодий суд аризани суд мажлисида кўриб чиқаётганда медиатив келишувни тузишга сабаб бўлган низони мазмунан кўриб чиқишга ҳақли эмас.
Аҳамиятли яна бир жиҳати шундан иборатки, ИПК 23213-моддасида медиатив келишувни мажбурий ижро этиш учун ижро варақаси беришни рад этиш асослари назарда тутилган.
Хусусан, медиатив келишувни мажбурий ижро этиш учун ижро варақаси бериш қуйидаги ҳолларда рад этилади, агар:
-медиатив келишув қонунчиликка зид бўлса;
-медиатив келишувнинг ижроси талаб этилаётган шартлари ўзгартирилган ёки бекор қилинган бўлса;
-медиатив келишувда белгиланган мажбуриятлар тўлиқ бажарилган бўлса;
-медиатив келишувни мажбурий ижро этиш учун ижро варақаси бериш тўғрисидаги ариза медиатив келишувни ихтиёрий ижро этиш муддати тугаган кундан эътиборан олти ой ўтганидан кейин берилган бўлса, бундан ўтказиб юборилган муддат суд томонидан узрли деб топилган ва тикланган ҳоллар мустасно.
Медиатив келишувни мажбурий ижро этиш учун ижро варақаси бериш рад этилган бўлса, медиатив келишувни тузган тарафлар бундай низони ҳал қилиш учун ушбу Кодексда назарда тутилган қоидалар бўйича иқтисодий судга мурожаат этиши мумкин.
ИПК 23214-моддасида суднинг медиатив келишувни мажбурий ижро этиш учун ижро варақаси бериш тўғрисидаги аризани кўриб чиқиш натижаси бўйича ушбу Кодексда ҳал қилув қарори қабул қилиш учун назарда тутилган қоидаларга биноан ажрим чиқариши белгиланган бўлиб, унда иқтисодий суд медиатив келишувни мажбурий ижро этиш учун ижро варақаси бериш тўғрисидаги ёки мазкур ижро варақасини беришни рад этиш тўғрисидаги ажрим чиқариши, ажримнинг мазмунида кўрсатилиши лозим бўлган маълумотлар белгиланган. Иқтисодий суднинг медиатив келишувни мажбурий ижро этиш учун ижро варақаси бериш тўғрисидаги ажрими дарҳол ижро этилиши лозим бўлиб, мазкур ажрим устидан ИПКда белгиланган тартибда шикоят қилиниши (протест келтирилиши) мумкин.
Хулоса ўрнида таъкидлаш жоизки, медиатив келишувга эришишлари аввало, фуқаролар, тадбиркорлик субъектлари ўртасидаги низоларни ўзаро мақбул усулда низосиз, самарали ва тезкор равишда ҳал этишга, уларнинг келгусидаги ўзаро манфаатли ҳамкорлигининг давом эттирилишига, тарафларнинг турли оворагарчиликларининг олдини олишга, ишни судда кўриш билан боғлиқ давлат божи билан боғлиқ сарф-ҳаражатларини иқтисод қилишга, шу билан бирга медиация тартиб-таомилларининг қўлланилишини рағбатлантириш орқали судлардаги юкламани мақбуллаштиришга хизмат қилади.
Термиз туманлараро иқтисодий суди судьяси Ботиржон Абдуллаев
