Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси ташкил этилади
2025-11-12 14:50:00 / Янгиликлар

“Экология ва туризм соҳаларида аҳоли талабларига тезкор жавоб бера оладиган бошқарув тизимини яратиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент Фармони (ПФ–217-сон, 18.11.2025 й.) қабул қилинди.
Фармонга кўра, Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги ҳузуридаги Туризм қўмитаси Ўзбекистон Республикаси Туризм қўмитаси сифатида қайта ташкил этилади.
Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги Вазирлар Маҳкамаси тизимидан чиқарилиб, унинг негизида амалдаги штат бирликлари сақланган ҳолда Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси ташкил этилади.
Президент Администрацияси ташкилий тузилмасида Ўзбекистон Республикаси Президентининг экология масалалари бўйича маслаҳатчиси бўлинмаси ташкил этилади.
Экология қўмитаси қуйидаги умуммиллий лойиҳаларни амалга ошириш учун масъул ҳисобланади, жумладан:
-“Чиқиндидан ҳоли ҳудуд”;
-“Тоза ҳаво”;
-“Яшил макон”;
-“Эко-маданият”;
-“Био мерос”.
Фармонга кўра, Экология қўмитаси ҳузурида “Эколойиҳалар фабрикаси” ташкил этилади.
2026 йил 1 апрелдан экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва табиатдан фойдаланиш соҳасидаги қонунчиликни бузганлик учун юридик шахсларга молиявий санкцияларни қўллаш тартиби жорий этилади, бунда:
молиявий санкциялар пул ундириш (жарималар) тарзида фақат юридик шахсларга қўлланади;
бир хил ҳуқуқбузарлик учун молиявий санкциялар қўлланган юридик шахсларнинг ходимларига маъмурий жазо чорасини қўллашга йўл қўйилмайди;
ҳуқуқбузарликнинг такроран содир этилишига йўл қўймаслик ҳақида огоҳлантириш олиш ҳамда жаримани тўлаш қонунчиликнинг бузилишига йўл қўйган шахсни Экология қўмитасининг қарорини (тақдимномасини, кўрсатмасини) бажариш мажбуриятидан озод этмайди.
Шунингдек, Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитасининг Давлат экологик назорат инспекцияси (Экополиция) ташкил этилади.
Экополиция Экология қўмитасининг экологик хавфсизликни таъминлаш ва бу борадаги ҳуқуқбузарликлар профилактикаси соҳасида ҳуқуқни муҳофаза қилишга доир айрим вазифаларга эга бўлган махсус бўлинмасидир.
Экология қўмитаси раиси бир вақтнинг ўзида Экополиция бошлиғи ҳисобланади.
Фуқаролик ишлари бўйича Термиз туманларо суди судяси Б.Санаевa
