ТИЗИМДАГИ МУҲИМ МАСАЛАЛАР МУҲОКАМА ҚИЛИНДИ
2025-02-19 16:15:00 / Янгиликлар

Аму-Сурхон ИТҲБ мажлислар залида барча тизим ташкилотлари мутасаддилари, туманлар «Сув етказиб бериш хизмати» ДМ директорларининг ўринбосарлари ва ташкилотларнинг ҳисобчилари иштирокида йиғилиш ўтказилди.
Йиғилишда сув хўжалиги вазирлигининг 2024 йил 17 декабрдаги 263-сонли ҳамда Аму-Сурхон ИТҲБнинг 2024 йил 25 декабрдаги 99-сонли буйруқлари ижросини таъминлаш юзасидан амалга оширилаётган ишлар таҳлил этилди.
Юқоридаги буйруқларга асосан Сурхондарё вилояти сув омборларидан фойдаланиш бошқармаси тугатилиб, бошқарма тасарруфидаги сув омборлари, мавжуд мол-мулк ва ишчи-ходимларнинг штат бирликлари «Аму-Занг», «Сурхон-Шеробод», «Тўпаланг-Қоратоғ» ирригация тизими бошқармаларига ўтказилмоқда. Шунингдек, ДМлар балансидаги суғориш тармоқлари қайси ирригация тизими бошқармасига тегишлилигига аниқлик киритиш талаби қўйилган.
Бироқ тизим ташкилотлари ва ДМлар мутахассислари томонидан ҳамон суғориш тармоқларини балансга олиш ва балансдан балансга ўтказиш бўйича ҳужжатларни расмийлаштириш, эгалик ҳуқуқи юзасидан шартномалар тузиш, қайси суғориш тармоғи қайси сув етказиб берувчи ташкилотга тегишлилиги бўйича чигалликлар ҳал қилинмаган.
Йиғилишда суғориш тармоқлари ва сув хўжалиги объектларини балансдан балансга ўтказиш бўйича ҳал бўлмаётган масалалар чуқур таҳлил қилинди ҳамда мутасаддиларга муаммоли масалаларни узоғи билан икки кунда ҳал қилиб, тегишли ҳужжатларини зудлик билан расмийлаштириш топшириғи берилди.
Аму-Сурхон ИТҲБ матбуот хизмати