ТАЛАБГОРЛАР КЎПАЙМОҚДА
2025-02-15 10:05:00 / Янгиликлар

Янгиликка қизиқувчи фермерлар айни дамларда «Агробанк» туман филиалидан «Suvkredit.uz» платформаси орқали кредит чиқариб, ғаллазорларини ёмғирлатиб суғориш ташвишида.
Туманнинг «Мустақиллик» ҳудудидаги заминда деҳқончилик билан шуғулланаётган «Навбур ёғду» МЧЖ аъзолари 23 гектарли ғаллазорида ёмғирлатиб суғориш технологиясини жорий қилиш ниятида ўтган йил кузида ҳаракатни бошлаганди. Уларга «Suvkredit.uz» платформаси орқали кредит ажратилди ва пудратчи ташкилот –«Махсус сув хизмат» МЧЖ билан тузилган шартномага асосан қурувчилар қисқа фурсатда ёмғирлатиб суғориш технологиясини ўрнатиб, фойдаланишга топширди.
Қизириқ туман ҳокимлиги ҳамда туман «Сув етказиб бериш хизмати» ДМ ташаббуси билан «Навбур ёғду» МЧЖ ғаллазорида тежамкор технологиялар афзалликларини барча талабгорларга кўрсатиш ва уларни сув тежашга ўргатиш, технологияни ишлатиш усулларини тушунтириш ниятида кўргазмали семинар ташкил қилинди.
Тумандаги барча фермерлар ва қишлоқ хўжалик маҳсулотлари етиштирувчи тадбиркорлик субъектлари раҳбару мутахассислари ҳамда пудратчи ташкилот вакиллари қатнашган кўргазмали семинарда тежамкор технологиялар қулайликлари, кам сув билан ҳам мўл ҳосил етиштириш имконини яратадиган сув тежовчи технологияларни экин майдонларига жорий этадиган фермерларга бериладиган имтиёзлар ҳақида батафсил тушунча берилди.
Аму-Сурхон ИТҲБ матбуот хизмати