АНГОРЛИК ИРРИГАТОРЛАР ЖОРИЙ ЙИЛДА 20 МИЛЛИОН МЕТР КУБ СУВНИ ТЕЖАМОҚЧИ
2025-01-10 16:10:00 / Янгиликлар
Туман ирригаторлари фермер хўжаликлари раҳбарлари ҳамда маҳаллалар оқсоқоллари билан ҳамкорликда ички суғориш тармоқларини лойқаю чиқиндилардан тозалашга уларнинг техникаси ҳамда аъзоларини сафарбар этишаяпти. Бир сўз билан айтганда суғориш тармоқларини тозалаш, таъмирлаш ва тартибга келтириш ишлари қизғин давом эттирилаяпти.
Ангор тумани ирригаторлари суғориш тармоқларидаги гидротехник иншоотлар ва гидропостлар таъмирини ҳам унутишмаяпти. Ҳозиргача суғориш тармоқларида созлаш режалаштирилган гидроиншоотларнинг 63 тасидан 16 таси, 66 та гидропостнинг 15 таси таъмирланиб, суғориш мавсумига шай қилиб қўйилди.
Ангорлик сувчилар сув йўқотишларнинг олдини олиш ва сарфини камайтириш мақсадида канал, ариқ ва ички суғориш тармоқларини бетонлаштиришни ҳам жадаллаштирмоқда. Бетонлаштириш режалаштирилган 31,5 километр узунликдаги хўжаликлараро каналнинг 4 километр қисмига, 117 километр узунликдаги ички суғориш тармоқларининг 19 километр қисми бетонлаштириб бўлинди. Туман ирригаторлари бетонлаштиришни то суғориш мавсумигача тугатиши учун «Аму-Занг» ирригация тизими бошқармаси ҳамда Аму-Сурхон ИТҲБ ҳузуридаги насос станцияларининг бир гуруҳ мутахассислари, шунингдек, фермер хўжаликлари аъзолари ва техникалари билан ёрдам беришаяпти.
– Ҳамжиҳатликда қилинаётган меҳнат натижасида ҳар куни бир километр узунликдаги суғориш тармоқларини бетонлаштиришга эришаяпмиз, – дейди Ангор тумани «Сув етказиб бериш хизмати» ДМ директори ўринбосари Шавкат Эшалиев. – Туманимиз деҳқонларига ҳар йили ғўза, ғалла ва такрорий экинларини сувлаш учун суғориш ва носуғориш мавсумида 222 миллион метр куб обиҳаёт етказиб берилаётганини ҳисобга олсак, суғориш тармоқларини тозалаш ҳамда бетонлаштириш бўйича белгиланган режани бажарсак, йилига 20 миллион метр куб сувни тежаш имконияти юзага келади.
Аму-Сурхон ИТҲБ матбуот хизмати