ВАЗИР – ЁШЛАРГА КЎМАКЧИ
2024-12-25 17:30:00 / Янгиликлар
Ушбу фикрларни бугун Сув хўжалиги вазири Шавкат Хамраев ёшлар билан очиқ мулоқоти чоғида билдирди.
Онлайн тарзда ўтган мулоқот 2024 йил – “Ёшлар ва бизнесни қўллаб-қувватлаш йили” сарҳисоби – “Ёшлар форуми-2024” доирасида ташкил этилди.
Унда Ўзбекистон Республикаси Ёшлар ишлари агентлиги масъул ходими Дилбар Холжигитова, ҳудудий сув хўжалиги ташкилотлари раҳбарлари ва тизимда меҳнат қилаётган ёшлар, Ирригация ва сув муаммолари илмий-тадқиқот институти тадқиқотчилари, “Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаштириш институти” миллий тадқиқот университети талабалари, жами 1000 дан зиёд ёшлар қатнашди.
Бугунги кунда вазирлик тизимида 4 минг 375 нафар ёшлар фаолият олиб бораётган бўлиб, шундан 330 нафарини хотин-қизлар ташкил этади. Ёш ходимларнинг 2 140 нафари олий маълумотли. Улар орасида раҳбар лавозимларда ишлаётганлар сони 220 нафар.
Ҳар йили вазирлик сув хўжалиги соҳасида кадрлар тайёрловчи олий таълим муассасаларининг кундузги таълим шаклида 4-босқич бакалавриат талабалари учун стажировка бўйича танлов ўтказади. Шу кунларда танловда иштирок этиш истагида бўлган талабгорлардан ҳужжатлар қабул қилинмоқда.
Ғолиблар март ойида стажировкага жалб этилади. Стажировкани муваффақиятли тамомлаганлар эса вазирлик ва унинг тизим ташкилотларига ишга қабул қилинади.
Бу йилги янгиликлардан бири – талабаларни моддий рағбатлантириш учун Сув хўжалиги вазири стипендияси таъсис этилди.
Стипендия ирригация ва мелиорация таълим йўналишларида таҳсил олаётган 3-4-босқич бакалавриат талабаларидан 8 нафарига бир йил давомида берилади.
Стипендиянинг бир ойлик миқдори Ўзбекистон Республикасида ўрнатилган базавий ҳисоблаш миқдорининг 4 бараваридан иборат.
Вазир стипендияси совриндори бўлган талабалар ўқиши даврида ўқув ва илмий амалиётлари ҳамда стажировкаларини Сув хўжалиги вазирлиги ва унинг тизим ташкилотларида ўтайдилар, шунингдек хўжалик шартномаларида меҳнат фаолиятини олиб борадилар.
Андижон вилояти Булоқбоши тумани “Сув етказиб бериш хизмати” ДМ директори Мафтуна Зухриддинова, Олтинкўл тумани “Сув етказиб бериш хизмати” ДМ директори Азизбек Комилжонов, Қорақалпоғистон Республикаси Шуманай тумани “Сув етказиб бериш хизмати” ДМ мутахассиси Сапура Сарсенбаева, Жиззах вилояти Сув омборлардан фойдаланиш бошқармаси ғазначиси Азамат Мустафоқулов, Аму-Бухоро ирригация тизимлари ҳавза бошқармаси бош мутахассиси Шоҳжаҳон Бебитов ва бошқалар сўзга чиқиб, таклифларини, мулоҳазаларини билдирдилар.
Ёшлардан тушган саволларга Сув хўжалиги вазири жавоб берди.
Вазир ёшларни китоб ўқишга, илм олишга, тил ўрганишга, ижодкорлик ва яратувчанликка даъват қилди.
Қўшимча даромад олиш мақсадида кредит маблағларини жалб этган ҳолда ёрдамчи хўжаликни ривожлантириш, деҳқончилик, чорвачилик, балиқчилик каби йўналишларни йўлга қўйиш зарурлиги таъкидланди.
Вазир бу масалаларда ёшларга ўзи кўмакчи бўлишини маълум қилди.
Ёшларни қўллаб-қувватлаш, уларга шароитларни яхшилаш бўйича тизим ташкилотлари раҳбарларига топшириқлар берилди.
Ахборот хизмати